Ўзбекистон Яшил иқлим жамғармаси билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Жорий йил 6–7 октябрь кунлари Грузиянинг Тбилиси шаҳрида Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари билан Яшил иқлим жамғармасининг Минтақавий мулоқоти бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон делегациясига Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси маслаҳатчиси Алишер Саломов раҳбарлик қилди.
Тадбирда иқлимни молиялаштириш, инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш, мамлакатларнинг иқлим платформаларини ривожлантириш ва минтақавий ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон томони стратегик мулоқотдан аниқ инвестициявий ташаббусларни амалга оширишга ўтиш зарурлигини таъкидлади. Хусусан, эрта огоҳлантириш тизимлари, иқлим ва экологик маълумотлар алмашинуви, сув ресурсларини бошқариш, атмосфера ҳавоси сифати, иқлим ўзгаришига мослашиш ва декарбонизация йўналишларида минтақавий ҳамкорликни кучайтириш таклиф этилди.
Яшил иқлим жамғармаси раҳбарияти билан музокараларда Ўзбекистоннинг иқлим молиялаштиришидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБни аккредитациядан ўтказиш жараёнини қўллаб-қувватлаш ҳамда янги инвестициявий лойиҳалар портфелини шакллантириш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, чиқиндиларни бошқариш, сувни тежовчи технологияларни жорий этиш, барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, саноатни декарбонизация қилиш ва иқлимга чидамли инфратузилма яратиш инвестициялар учун устувор йўналишлар сифатида тақдим этилди.
Тадбир доирасида БМТнинг Саноатни ривожлантириш ташкилоти (UNIDO), ACTED, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда “Incofin Investment Management” вакиллари билан ҳам учрашувлар ўтказилди.
Учрашувларда Ўзбекистонда яшил саноатлаштириш хабини ташкил этиш, Ўзбекистон ва Қирғиз Республикаи учун иқлимий микромолиялаштириш лойиҳасини ишлаб чиқиш, экологик суғурта, чиқиндиларни бошқариш, ерларни тиклаш ва қишлоқ хўжалигида хусусий молиялаштиришни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Япониянинг Чуо университети вакиллари билан чанг ва қум бўронларини сунъий йўлдош мониторинги асосида кузатиш ва эрта огоҳлантириш тизимини ривожлантириш, шунингдек, иссиқхона газлари ташламаларини камайтириш бўйича ташаббуслар кўриб чиқилди.
Грузия томони билан эса COP31 доирасида Ўзбекистон ва Грузиянинг қўшма тадбирларини ўтказиш масаласини ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Якунлар бўйича янги иқлим лойиҳаларини тайёрлаш, халқаро ва хусусий молиялаштириш манбаларини жалб этиш ҳамда минтақавий ҳамкорликни кучайтириш бўйича истиқболли йўналишлар белгилаб олинди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА