Миллий тиббиёт марказида дунёда ноёб амалиёт ҳисобланган 61-балон ангиопластикаси бажарилди
Дунёда шу турдаги 60 та амалиёт бажарилган бўлиб, мазкур ҳолат 61-амалиёт сифатида қайд этилди.
Миллий тиббиёт маркази рентген-эндоваскуляр жарроҳлари томонидан 2005 йилда туғилган, аввал талоғи олиб ташланган беморда юқори кавак вена соҳасида мураккаб балон ангиопластикаси амалиёти муваффақиятли бажарилди.
Марказ матбуот хизмати раҳбари Зулайҳо Мусурмонаванинг сўзларига кўра, беморнинг асосий касаллиги фонида жигар фаолиятида ҳам зарарланиш белгилари кузатила бошлаган. Шу сабабли юқори кавак венадаги қон оқимини тиклаш ва томир торайишини бартараф этиш беморнинг умумий ҳолатини барқарорлаштиришда муҳим аҳамият касб этди.

Маълумотларга кўра, дунёда шу турдаги 60 та амалиёт бажарилган бўлиб, мазкур ҳолат 61-амалиёт сифатида қайд этилди.
Юқори кавак венадаги торайиш ёки қон оқимининг бузилиши ҳаётий муҳим аъзолар фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Айниқса, беморда талоқ олиб ташланганидан кейин жигар фаолиятида ҳам муаммолар кузатилгани ҳолатни янада мураккаблаштирган.
Мазкур мураккаб амалиёт Миллий тиббиёт марказининг рентген-эндоваскуляр жарроҳлари томонидан замонавий технологиялар асосида амалга оширилди.
Амалиётни ёш эндоваскуляр жарроҳ Абдураҳмон Ҳайдаров бажарди.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА