Ўзбекистон-Япония: ҳуқуқий ҳамкорлик доирасида кадрлар малакаси оширилмоқда
Глобаллашув ва халқаро интеграция шиддат билан ривожланаётган бугунги даврда давлатлар ўртасидаги стратегик шериклик нафақат иқтисодий-сиёсий соҳаларни, балки жамият барқарорлигининг пойдевори бўлган суд-ҳуқуқ тизимини ҳам қамраб олмоқда. Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар тарихида ҳуқуқий соҳадаги ҳамкорлик алоҳида аҳамиятга эга.
Хусусан, Ўзбекистон ва Япония ўртасида ҳуқуқий ва адлия соҳасидаги ҳамкорлик икки мамлакат қонун устуворлигини таъминлаш, қонунчиликни такомиллаштириш ва юридик кадрлар тайёрлаш йўналишида фаол шериклик қилиб келмоқда.
Шунга кўра, Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти тингловчилари учун Япониянинг ҳуқуқ соҳасидаги турли ташкилотларида қисқа муддатли стажировка ташкил этилди.

Стажировка дастури доирасида дастлаб Япония Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ўқитиш ва тадқиқот институтига ташриф буюрилиб, ҳуқуқ соҳасининг долзарб мавзулари бўйича маъруза ва тренингларда иштирок этилди. Мезбон ташкилотнинг Халқаро ҳамкорлик департаменти вакиллари иштирокчиларни Япония ҳуқуқий тизими ҳамда ташриф буюриладиган ташкилотлар фаолияти билан таништирди.
Шунингдек, Японияда жиноят-процессуал тартиб-таомиллар, Кибержиноятчиликка қарши курашишнинг ҳуқуқий тизимлари каби йўналишларда тренинглар ўтказилди.

Шу билан бирга, тингловчилар “Японияда юридик ёрдам кўрсатиш тизимининг тузилиши” мавзусидаги маърузада иштирок этди. Дастур доирасида Япония нотариал палатасига ҳам ташриф ташкил этилди. Унда иштирокчилар палата фаолияти ва нотариал соҳадаги ижобий тажрибалар билан танишиб, “Япония нотариал тизими” мавзусидаги маърузани тинглади.
Мазкур стажировка Япония ҳуқуқий тажрибасини ўрганиш, тингловчиларнинг касбий билим ва кўникмаларини ривожлантириш ҳамда халқаро тажриба алмашишга қаратилган.
Гулноза Бобоева,
ЎзА