Ўзбекистон – ягона ва аҳил оила
Мамлакатимиздаги ўзаро аҳиллик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳити халқаро миқёсда ибрат олишга арзигулик намуна саналади.
Юртимизда бўлиб ўтаётган Бағрикенглик ҳафталиги доирасида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Ўзбекистон – ягона ва аҳил оила” мавзусида бўлиб ўтган маданий-маърифий тадбирда айни жиҳатларга эътибор қаратилди.
Тадбир аввалида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан яратилган “Дўстликни тараннум этган юрт” номли махсус ҳужжатли видеофильмнинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари Валерий Тян миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Дарҳақиқат, мазкур қўмита турли миллат ва элат вакилларини Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқимиз фаровонлиги каби эзгу ғоялар атрофида бирлаштириш, мамлакатимиздаги ўзаро дўстона ва аҳил, ҳамжиҳат муҳитни мустаҳкамлаш, ёшларни юрт тақдири учун дахлдордир руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшмоқда. Юртимиз узра кўтаринки руҳда ўтказилаётган Бағрикенглик ҳафталиги бунинг яна бир амалий тасдиғидир.

Миллий маданий марказлар ижодий жамоалар томонидан байрам дастури иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди. Жонажон Ўзбекистонимиз, мустақиллигимиз, дўстликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар, ранг-баранг концерт дастури тадбирга кўтаринки руҳ бағишлади.
Қайд этиш жоиз, бу каби тадбирларнинг ўтказилиши юртимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, турли миллат вакиллари ўртасида дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Н.Усмонова, ЎзА