Ўзбекистон хориж матбуоти нигоҳида
Ўмон султонлиги етакчи нашри “Asdaa Oman” газетаси веб-саҳифасида Оролбўйи минтақасини ривожлантириш ва экология масалалари қўмитаси раиси Борий Алихоновнинг “Ўзбекистон ва конституцияда экология ҳуқуқи нормаларини мустаҳкамлаш” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди.
Мақолада қомуснинг янги таҳририда фуқаролар экологик ҳуқуқини таъминлайдиган махсус қоидалар орқали ҳар бир инсон қулай атроф-муҳитга эга бўлиши, бу борада ишончли маълумот олиши, атроф-муҳит давлат томонидан муҳофаза қилиниши, экологик мувозанат сақланиши, Оролбўйида экотизимни муҳофаза қилиш бўйича мунтазам чора-тадбирлар кўрилиши кўзда тутилгани батафсил ёритилган.
Шунингдек, конституциявий меъёр мамлакатимизни ривожлантириш стратегиясида 2026 йилга бориб қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 25 фоизга етказиш, иқтисодиёт тармоғидан чиқаётган зарарли газ миқдорини 10 фоиз камайтириш каби мақсадларга эришиш, қайта тикланувчи энергия манбалари қувватини 2030 йилгача 15 минг МВтга етказишга асос бўлиши урғуланган. Табиий ресурслар қисқариши, глобал иқлим ўзгариши инсоният келажагига экологик муаммо билан таҳдид солаётган бугунги даврда бу мезонлар муҳим аҳамиятга эгалиги таъкидланган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА