Ўзбекистон халқаро рақамли технологиялар маркази ташкил этилмоқда
Президент Шавкат Мирзиёев бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи мажлисида нутқ сўзламоқда.
Тўртинчи йўналиш – “яшил” энергетика ва сунъий интеллект соҳаларидаги шерикликни янада чуқурлаштириш.
Инвесторларга қуёш ва шамол электр станциялари билан бир қаторда энергия сақлаш тизимларини ривожлантириш, тармоқларни модернизация қилиш, “яшил” энергия асосида ишлайдиган дата-марказлар барпо этиш таклиф этилди.
Сунъий интеллект тармоғини ривожлантириш – давримизнинг муҳим талаби. Хорижий экспертлар Ўзбекистонда келгуси беш йилда ушбу янги йўналишда камида 10 миллиард долларлик қўшимча қиймат яратилишини прогноз қилмоқда.
–Асосий вазифамиз сунъий интеллект орқали аҳолининг барча қатламлари ҳаётини яхшилаш, ундан таълим, давлат хизматлари ва бизнес жараёнларида кенг фойдаланишдан иборат, – деди Президентимиз.
Қорақалпоғистонда сунъий интеллект лойиҳалари ва дата-марказлар учун махсус зона яратилди. Бу ҳудудда 2040 йилгача инвесторлар барча турдаги солиқ ва божлардан озод қилинади, йўл, электр, сув инфратузилмаси давлат ҳисобидан қуриб берилади, 1 киловатт-соат электр энергияси учун 5 цент миқдорида имтиёзли тариф белгиланади.
Шу билан бирга, махсус ҳуқуқий режимга эга бўлган Ўзбекистон халқаро рақамли технологиялар маркази ҳам ташкил этилмоқда.
Президентимиз инвесторларни ушбу йўналишлар бўйича жозибадорлиги юқори бўлган лойиҳаларда ҳамкорликка таклиф этди.
ЎзА