Ўзбекистон ва Сербия: ишончга асосланган мулоқот натижасида ҳамкорлик мутлақо янги босқичга кўтарилди
Олий Мажлис Сенатига Сербия Республикаси Халқ йиғилишининг “Сербия - Ўзбекистон” парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи раиси Александр Маркович ташриф буюрди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева билан учрашувда кейинги йилларда давлатларимиз раҳбарларининг ўзаро ишончга асосланган очиқ ва конструктив мулоқоти натижасида икки томонлама муносабатлар мутлақо янги босқичга кўтарилгани эътироф этилди.
А.Маркович мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ва таъсири тобора ортиб бораётганини юксак баҳолади.
Томонлар савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар, таълим ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, парламентлараро алоқаларни фаоллаштириш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашди.

Бу жараёнда парламентларимиз ўртасида имзоланган Англашув меморандуми муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.
Айтиб ўтиш керакки, мазкур ҳужжат жорий йил июнь ойи бошида Ўзбекистон Сенати Раиси бошчилигидаги парламент делегациясининг Сербияга расмий ташрифи доирасида имзоланган. Мазкур ташриф давомида делегация Сербия Республикаси Президенти, Халқ йиғилиши Раиси ва Бош вазир ўринбосари билан учрашувлар ўтказган.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги дўстона муносабатлар ва ўзаро ишонч руҳини янада мустаҳкамлаш, олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш ва уларни қонунчилик йўли билан таъминлаш бўйича парламентлар ҳаракатларини мувофиқлаштириш, соҳалар бўйича алоқаларни ривожлантиришга қаратилган ташаббусларни парламент дипломатияси орқали ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш муҳимлигига эътибор қаратилди.
“Ўзбекистон - Сербия” ва “Сербия - Ўзбекистон” парламентлараро дўстлик гуруҳлари ўртасидаги ҳамкорлик бўйича алоҳида “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Мазкур ҳужжат парламентлараро мулоқотни янада фаоллаштириш, соҳавий қўмиталар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш, шунингдек, икки мамлакат парламентарийларининг ўзаро ташрифлари ва мунтазам амалий учрашувларини ташкил этишни назарда тутади.
Томонлар халқаро парламент ташкилотлари доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга тайёр эканини тасдиқлаб, ёшлар парламенти ва парламент дипломатияси йўналишида ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдорлигини билдирди.
Шу муносабат билан Сербия парламенти аъзолари 2026 йил 4 - 6 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Парламентлараро иттифоқ ёш парламент аъзоларининг 12-Глобал конференциясида иштирок этишга таклиф этилди.
Норгул Абдураимова,
ЎзА