Ўзбекистон ва Япония йирик энергетика лойиҳалари бўйича ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Япония Ишбилармонлик ҳамкорлиги қўмитаси – KEIDANREN раиси Ҳашимото Такеши бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Музокараларда икки мамлакат ўртасидаги энергетика соҳасидаги шерикликнинг бугунги ҳолати ва уни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил декабрь ойида Японияга амалга оширган давлат ташрифи Ўзбекистон – Япония муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиққанини қайд этди. Айниқса, қайта тикланувчи энергия соҳасида амалга оширилаётган инвестициявий ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашгани таъкидланди.
Учрашувда қайд этилганидек, шу кунга қадар Япония компаниялари иштирокида энергетика тармоғида умумий қиймати 5,6 миллиард долларлик 14 та йирик лойиҳа амалга оширилди. Айни пайтда умумий қиймати 2,6 миллиард доллар бўлган 6 та лойиҳа ижроси давом этмоқда. Шу билан бирга, қиймати 7,7 миллиард долларга тенг 7 та янги инвестиция лойиҳаси ишлаб чиқиш босқичида турибди.
Мулоқот чоғида келгусидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ҳам белгилаб олинди. Жумладан, магистрал электр тармоқлари ва подстанцияларни EPC+F механизми асосида қуриш, газ транспорти инфратузилмасидаги компрессор станцияларини электрлаштириш, яшил водород технологияларини ривожлантириш, электромобиллар учун зарядлаш тармоғини кенгайтириш, энергия самарадорлигини ошириш бўйича илғор япон тажрибасини жорий этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида томонлар энергетика соҳасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, янги қўшма ташаббусларни амалга ошириш ҳамда ўзаро манфаатли инвестиция лойиҳаларини изчил ривожлантириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканликларини таъкидлади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА