Ўзбекистон ва Япония: стратегик шерикликнинг янги суръати
Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда. Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон – Япония бизнес форуми инвестиция, саноат ва технология соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга бағишланди. Тадбирда давлат идоралари, йирик компаниялар, банклар, молия институтлари ҳамда бизнес уюшмалари вакиллари иштирок этди. Анжуман Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил декабрь ойида Японияга амалга оширган расмий ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш воситаси сифатида баҳоланди.
Форумда асосий эътибор сармоя жалб қилиш ва қўшма саноат лойиҳаларини ривожлантиришга қаратилди. Томонлар юқори технологияли ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, замонавий ечимларни жорий этиш ҳамда ишлаб чиқариш қувватини ошириш масалаларини муҳокама қилди. Мамлакатимиз иқтисодиётида амалга оширилаётган ислоҳотлар, тадбиркорлар учун яратилган қулай муҳит япон бизнеси томонидан юқори баҳоланди. Бу омиллар мавжуд шерикликни янада мустаҳкамлаш учун муҳим асос сифатида қайд этилди.

Ўзбекистонда япон капитали билан фаолият юритаётган 137 корхонанинг 14 таси ваколатхонаси мамлакатда расман рўйхатдан ўтган. Бу кўрсаткич кун чиқар юрт сармоядорларининг республикамиз бозорига ишончи ошиб бораётганини кўрсатади. Тадбирда шерикликни янги лойиҳалар ҳисобига янада кенгайтириш юзасидан таклифлар билдирилди.

Савдо-иқтисодий алоқалар ҳам изчил ривожланмоқда. 2025 йил якунига кўра, товар айирбошлаш қиймати 375,3 миллион долларни ташкил этди. Иштирокчилар мавжуд салоҳият янада юқори эканини таъкидлади. Шу мақсадда маҳсулот турларини кенгайтириш, саноат кооперациясини кучайтириш ва янги бозорларга чиқиш бўйича ҳамкорликни фаоллаштириш зарурлиги қайд этилди.
Тадбир доирасида энергетика, геология, транспорт, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларидаги истиқболли лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, технологияни маҳаллийлаштириш, малакали кадрлар тайёрлаш ва қўшма ишлаб чиқариш йўлга қўйиш устувор вазифалар сифатида белгиланди. Япон компанияларининг муҳандислик, рақамли ечим ва корпоратив бошқарув бўйича илғор тажрибасидан самарали фойдаланиш имконияти ҳам муҳокама қилинди. Айни йўналишлар саноат ҳамкорлигининг келгуси истиқболини белгилаб бериши таъкидланди.

Бизнес-форум якунида томонлар амалий ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришга келишиб олди. Янги сармоявий лойиҳалар ишлаб чиқиш, молиявий шерикликни мустаҳкамлаш ва ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш бўйича B2B ҳамда G2B учрашувлари ўтказилди. Мутахассислар мазкур мулоқотлар яқин йилларда янги қўшма лойиҳалар амалга ошириш учун мустаҳкам пойдевор бўлишини таъкидлади. Бу эса Ўзбекистон ва Япония иқтисодий шерикликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА