Ўзбекистон ва Қозоғистон саноатда экологик технологияларни жорий этиш бўйича ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Давлат экологик экспертизаси марказида Қозоғистон мутахассислари иштирокида энг яхши мавжуд техникаларни жорий этишнинг амалий масалалари ва экологик тартибга солиш тизимини такомиллаштиришга бағишланган ишчи учрашув ўтказилди.
Унда Қозоғистоннинг саноатни энг яхши мавжуд техникалар тамойиллари асосида модернизация қилиш бўйича тажрибаси тақдим этилди. Хусусан, корхоналарда технологик аудит ўтказиш, соҳалар бўйича маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилиш, энг яхши мавжуд техникалар бўйича маълумотномалар ишлаб чиқиш ҳамда улардан амалиётда фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, турли саноат тармоқлари учун технологик ва экологик кўрсаткичларни белгилаш, улардан корхоналарни модернизация қилиш ва ишлаб чиқаришнинг атроф-муҳитга таъсирини камайтиришда фойдаланиш бўйича фикр алмашилди.

Ўзбекистон томони эса атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш ва давлат экологик экспертизаси тизимини такомиллаштириш, шунингдек, энг яхши мавжуд техникаларни жорий этишнинг миллий механизмларини шакллантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Учрашувда энг яхши мавжуд техникалар бўйича рақамли платформа яратиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу лойиҳа доирасида ягона технологик маълумотлар базасини шакллантириш, техникалар бўйича маълумотномаларни рақамлаштириш ҳамда корхоналарда қўлланилаётган технологияларни қиёсий таҳлил қилиш имкониятларини яратиш таклиф этилмоқда. Бундай рақамли платформа технологик жараёнлар ва экологик кўрсаткичлар ҳақидаги маълумотларни бир тизимга жамлаш, қарорлар қабул қилиш сифатини ошириш ҳамда саноатда экологик самарали технологияларни кенгроқ қўллашга хизмат қилиши кутилмоқда.

Мутахассислар таъкидлаганидек, энг яхши мавжуд техникаларни жорий этиш фақат экологик талабларга риоя қилиш воситаси эмас. Бу, шунингдек, саноатни модернизация қилиш, энергия ва ресурслардан самарали фойдаланиш, чиқиндилар ҳамда оқова сувлар ҳажмини камайтириш имконини беради. Учрашув “Green University” платформасида ҳам давом эттирилиб, соҳа мутахассислари ва экспертлари ўртасида фикр алмашилди.

Қозоғистон тажрибасини ўрганиш Ўзбекистонда энг яхши мавжуд техникаларнинг миллий тизимини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга. Бу саноат корхоналарида замонавий технологияларни жорий этиш, экологик хавфларни олдиндан камайтириш ва ишлаб чиқаришнинг атроф-муҳитга таъсирини изчил қисқартириш учун янги имкониятлар яратади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА