Ўзбекистон – Болгария ҳамкорлигининг янги босқичи
Бугун Ўзбекистон ва Болгария ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилганига 34 йил тўлди. 1992 йил 12 сентябрдан буён ўтган давр мобайнида Тошкент ва София сиёсий мулоқотни изчил ривожлантириб келди. Айниқса сўнгги йилларда алоқалар янги суръат олди.
Хусусан, мамлакатимизнинг Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга қаратилган фаол ташқи сиёсати доирасида Болгария билан муносабатни янги мазмун билан бойитишга эътибор кучаймоқда. Сиёсий мулоқот шерикликнинг муҳим йўналишидир. Масалан, 2025 йил июнь ойида Болгария Президенти Румен Радевнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида Президент Шавкат Мирзиёев билан музокара ўтказилди.
Томонлар ўзаро алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш мақсадида қатор келишувларга эришди. Жумладан, давлат раҳбарлари ҳамкорликни кучайтириш тўғрисида қўшма декларация имзолади. Шунингдек, ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2026-2027 йилларга мўлжалланган дастур ҳамда Тошкент ва София шериклигини ўрнатиш битими алмашилди.
Парламентлараро алоқа фаоллашмоқда. Хусусан икки мамлакат қонун чиқарувчи идоралари мулоқоти сиёсий муносабатни мустаҳкамлаш ва тажриба алмашиш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилмоқда.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликда ҳам ижобий манзара кузатилмоқда. Ўтган йилги олий даражали музокарада товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, тўқимачилик, озиқ-овқат, кимё ва фармацевтика маҳсулотлари, металл буюмлар ҳамда технология ускуналари етказиб бериш кўламини кенгайтириш зарурлиги таъкидланган. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, геология, сунъий интеллект, рақамли ривожланиш, ахборот технологиялари ва туризм соҳаларида қўшма лойиҳалар амалга ошириш устувор йўналишлар сифатида белгиланган.
Транспорт ва логистика соҳаси ҳам истиқболли йўналиш ҳисобланади. Болгариянинг Варна ва Бургас портлари Европа билан Марказий Осиёни боғловчи Транскаспий халқаро транспорт йўналиши, яъни Ўрта йўлак учун муҳим логистик нуқта сифатида кўрилмоқда. Шу йил июнда Болгария Транспорт ва коммуникациялар вазирлиги шу икки портни Ўрта йўлак бўйлаб Европа ва Марказий Осиё ўртасидаги минтақавий асосий транспорт-логистика марказига айлантириш имкониятини илгари сурди. Бу йўналиш Ўзбекистон маҳсулотларини Европа бозорига олиб чиқиш имкониятини кенгайтириш нуқтаи назаридан ҳам муҳим.
Европа Иттифоқи доирасидаги муносабат ҳам Ўзбекистон – Болгария ҳамкорлигининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Болгария ЕИ аъзоси сифатида республикамизнинг кўҳна қитъа билан иқтисодий-сиёсий алоқаларини ривожлантиришда муҳим ўрин эгаллайди. Айни пайт Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим жорий йил 1 мартдан вақтинча қўллана бошлади. Ушбу ҳужжат савдо, инвестиция, иқтисодиёт, энергетика, транспорт каби муҳим соҳалар умумий ривожи учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратади.
Гуманитар соҳада ҳам алоқа чуқурлашмоқда. 2025 йилдаги музокарада академик ва илмий алмашинувни фаоллаштириш, олий таълим муассасалари ҳамкорлигини кучайтириш ҳамда маданий тадбирлар ташкил этиш масаласи ҳам кўтарилган. Хусусан, Ўзбекистон ва Болгария маданияти ҳамда кино ҳафталигини ўтказишга келишилган.
Ҳудудлар ўртасидаги алоқалар ҳам икки халқни яқинлаштиришга хизмат қилмоқда. Бухоро ва Варна, Самарқанд ва Пловдив шаҳарлари ўзаро биродарлашган. 2025 йил Тошкент ва София ўртасида шериклик муносабатини ўрнатиш тўғрисидаги битим имзоланди. Бундай қадамлар маданий, иқтисодий ва гуманитар алмашинувни ривожлантириш учун янги имкониятлар очмоқда.
Туризм соҳасида ҳам улкан умумий салоҳият мавжуд. Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарларимиз болгариялик сайёҳлар учун жуда қизиқ. Қора денгиз соҳилидаги тарихий шаҳарлар ва тоғли ҳудуд эса ҳамюртларимиз учун жозибадор. Яъни, туризм ва тўғридан-тўғри транспорт алоқаси гуманитар муносабатни янада кучайтиради.
Хуллас, Ўзбекистон ва Болгария ўртасидаги 34 йиллик дипломатик муносабат бугун янги мазмун билан бойимоқда. Сўнгги йиллардаги олий даражали ташрифлар, қўшма декларациялар, иқтисодий ҳамкорликнинг янги йўналишлари, транспорт-логистика лойиҳалари ва гуманитар алоқалар икки мамлакат шериклиги учун мустаҳкам замин яратмоқда. Эришилган келишувлар тизимли равишда амалий босқичга ўтиши Тошкент ва София муносабатини янада чуқурлаштириш учун янги имкониятлар очмоқда. Бундай ҳамкорлик нафақат икки мамлакат, балки минтақамиз ва Европа манфаатига ҳам мос келади.
Фардона Яхшибоева, ЎзА