Ўзбекистон ва Покистон парламентлараро ҳамкорлиги янада кенгайтирилади
Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Покистон Ислом Республикаси Сенати раисининг маслаҳатчиси Мисбаҳ Кҳар билан учрашди.
Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги парламентлараро муносабатлар изчил ривожланиб бораётгани қайд этилди.
Қонун чиқарувчи органлар ўртасидаги мулоқот ва амалий ҳамкорлик икки томонлама стратегик шерикликни мустаҳкамлашнинг муҳим омили экани алоҳида таъкидланди.

Учрашувда олий даражада эришилган келишувларни парламент дипломатияси воситалари орқали ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, икки мамлакат парламентлари ўртасидаги институционал ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Хусусан, ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлар фаолиятини фаоллаштириш, тегишли қўмиталар ўртасида мунтазам мулоқотни йўлга қўйиш, қонун ижодкорлиги ва парламент назорати соҳасида тажриба алмашиш, шунингдек, халқаро парламент тузилмалари доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга эътибор қаратилди.
Парламент дипломатиясининг замонавий механизмларини кенг жорий этиш, ёшлар ва хотин-қизларнинг парламент фаолиятидаги иштирокини қўллаб-қувватлаш ҳамда гуманитар алоқаларни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Н.Абдураимова, ЎзА