Сув дипломатияси: келажакда давлатлар ўртасидаги муносабатни сув ресурслари белгилайдими?
Сув XXI асрда нафақат экологик ва иқтисодий ресурс, балки давлатлар ўртасидаги сиёсий муносабатга таъсир кўрсатувчи стратегик омилга айланмоқда. Иқлим ўзгариши, аҳоли сони кўпайиши, саноат ва қишлоқ хўжалиги эҳтиёжи ортиши чучук сувга талабни кучайтирмоқда. Айниқса, бир дарё ёки сув ҳавзасидан бир неча мамлакат фойдаланадиган ҳудудда сув тақсимоти масаласи тобора муҳим аҳамият касб этяпти. Шу боис сув дипломатияси келгуси йилларда халқаро муносабатнинг муҳим шартига айланиши кутиляпти.
Бу жараён Марказий Осиё учун айниқса долзарб. Минтақадаги асосий сув манбалари – Амударё ва Сирдарё бир неча давлатдан ўтади. Тоғли ҳудудда шаклланадиган сув захираси асосан қуйи оқимдаги мамлакатларнинг суғорма деҳқончилиги, аҳоли эҳтиёжи ва саноати учун ҳам муҳим. “Ариқ боши”да жойлашган Қирғизистон ва Тожикистон учун эса сув энергетика соҳаси учун беқиёс аҳамиятга эга. Демак, бир мамлакатнинг сувдан фойдаланиш режаси бошқа давлат қишлоқ хўжалиги ёки энергетикасига бевосита таъсир қилади.
Жаҳон банки маълумотига кўра, Марказий Осиёда чучук сув истеъмолининг қарийб 90 фоизи қишлоқ хўжалиги ҳиссасига тўғри келади. Яъни сувни тежаш, ирригация тизимини модернизация қилиш ва йўқотишни камайтириш минтақавий хавфсизликнинг муҳим шарти. Айни пайт сув ва энергетика масаласи бир-биридан айро ҳал этилмайди: юқори оқимдаги юртлар сув энергетикаси имкониятидан фойдаланишга интилса, қуйи оқим ҳудуди вегетация мавсумида оқим барқарорлигидан манфаатдор.

Шу сабабли сув дипломатиясининг асосий вазифаси ресурсни тақсимлашдангина иборат эмас, балки сув ва энергия манфаатини мувофиқлаштириш, умумий инфратузилмадан бирга фойдаланиш, сув сарфини аниқ ҳисобга олиш ҳамда фавқулодда вазиятда ўзаро ёрдам механизми яратилишини ҳам қамраб олади. Бу борада Марказий Осиё давлатлари амалий ҳамкорлиги тобора мустаҳкамланмоқда. 2025 йил 15 ноябрда Ўзбекистон ва Қозоғистон трансчегаравий сув объектларини бирга бошқариш ва захирадан оқилона фойдаланиш тўғрисида битим имзолади. 2026 йил май ойида Ўзбекистон ва Қирғизистон қўшма сув хўжалиги комиссияси навбатдаги йиғилиши ўтказилди. Июнда эса Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон жорий йил мавсуми учун сув ҳажми ва электр энергияси етказиб бериш бўйича келишувга эришди.
Минтақада сув муносабатига таъсир кўрсатувчи яна бир омил – Афғонистондаги ирригация лойиҳалари. Масалан, Қўштепа канали қурилиши Амударё сувидан фойдаланиш масаласини янги босқичга олиб чиқди. Мазкур ташаббус оби ҳаёт тақсимотига таъсир кўрсатиши мумкинлиги боис, қуйи оқимдаги давлатлар учун ресурсни режалаштириш янада долзарблашмоқда. Бундай шароитда Афғонистон билан техник мулоқот, сув сарфи бўйича маълумот алмашиш ва ўзаро манфаатли келишувга эришиш минтақавий ҳамкорликнинг муҳим шартидир.

Халқаро ташкилотлар ҳам бу жараённи қўллаб-қувватламоқда. 2026 йил 21 июль куни Жаҳон банки Марказий Осиёда трансчегаравий сув ҳамкорлигини ривожлантириш лойиҳасини маъқуллади. Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Ижроия қўмитасига ажратиладиган 20 миллион долларлик грант ресурсни бошқариш, маълумот алмашиш ва минтақавий мувофиқлашув салоҳиятини оширишга йўналтирилади. Лойиҳадан минтақадаги қарийб 40 миллион киши бевосита ёки билвосита манфаат кўриши кутиляпти.
Сув дипломатияси самараси фақат битим сони билан ўлчанмайди. Келишув амалга татбиқ этилиши, сув захираси ва дарё оқими ҳақида ишончли маълумот алмашинуви, замонавий ҳисоблаш ва мониторинг тизими жорий этилиши ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бундан ташқари сув тежайдиган технологияни кенг қўллаш, эскирган ариқларни таъмирлаш, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғоришни ривожлантириш орқали умумий ресурсга босимни камайтириш мумкин. БМТ Европа иқтисодий комиссияси ҳам Марказий Осиёда умумий дарёлар бўйича ҳамкорлик кучайганини қайд этар экан, трансчегаравий ер ости суви масаласида ҳали қўшимча келишувларга эҳтиёж борлигини таъкидлаган.
Хулоса шуки, келажакда давлатлар ўртасидаги муносабатни фақат ресурслар эмас, балки захирани бошқаришга ёндашув ва ҳамкорлик даражаси белгилайди. Сув танқислиги муқаррар равишда низога олиб келади, дейиш ноўрин. Бинобарин, шаффоф маълумот, ўзаро ишонч ва адолатли келишув мавжуд бўлса, умумий сув манбалари давлатларни яқинлаштирувчи омилга айланади. Марказий Осиё учун эса сув дипломатияси нафақат экология муаммосига жавоб, балки минтақавий барқарорлик, иқтисодий тараққиёт ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш воситасидир.
Мусулмон Зиё,
ЎзА шарҳловчиси