Ўзбекистон ва Ўмон маданий алоқалари янги босқичга чиқмоқда
Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги маданий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, икки халқни бир-бирига яқинлаштириш йўлидаги алоқалар изчил давом этмоқда.
Ўмон Султонлигида ўтказилаётган «Ўзбекистон маданияти кунлари» доирасида Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбековнинг Ўмон Султонлиги Маданият, спорт ва ёшлар вазири Саййид Сауд бин Ҳилол бин Ҳамад Ал Бусаидий билан учрашуви бўлиб ўтди.
Маданият вазирлиги ахборот хизматига кўра, самимий мулоқотда икки мамлакат ўртасидаги маданий алоқалар, келгусида амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар ва ҳамкорлик истиқболлари ҳақида сўз борди.

Учрашувда Озодбек Назарбеков халқларимизни асрлар давомида боғлаб келаётган дўстлик ришталари, муштарак исломий мерос ва умумий маънавий қадриятлар ҳақида сўзлади.
Мулоқот давомида бундай яқинликни маданият ва санъат орқали янада мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади. Хусусан, Ўзбекистон ва Ўмонда маданият кунларини мунтазам ўтказиш, санъаткорлар ўртасида тажриба алмашиш, маданий таълим йўналишида ҳамкорлик қилиш ҳамда қўшма концерт дастурларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Яна бир муҳим жиҳат — икки мамлакат маданият вазирликлари ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш масаласи ҳам эътибордан четда қолмади. Бу борада тегишли ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш юзасидан фикр алмашилди.
Зеро, маданият халқларни бирлаштирадиган, улар ўртасида ўзаро ҳурмат ва дўстликни мустаҳкамлайдиган муҳим кўприк. Ўмонда ўтаётган «Ўзбекистон маданияти кунлари» ҳам ана шу дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг ёрқин ифодаси бўлиб, икки мамлакат ўртасидаги маданий алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Н.Усмонова,
ЎзА