Одил Ёқубов таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан хотира кечаси бўлиб ўтди
Баъзи ижодкорларнинг умри улар ёзган асарлар билан давом этади. Йиллар ўтади, замон ўзгаради, авлодлар дунёга келаверади. Қалам аҳлининг дурдона асарлари, уларнинг хотираси яшайверади.
Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат академик мусиқали театрида адиб таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан хотира кечаси ўтказилди. Унда ёзувчининг ҳаёти ва ижоди, ўзбек адабиётида тутган ўрни, адабий меросининг бугунги авлод учун аҳамияти ҳақида сўз борди. Энг муҳими, ушбу учрашув адибни нафақат машҳур асарлар муаллифи, балки ўз даврининг ижтимоий ва маънавий жараёнларига бефарқ бўлмаган, инсон қалбини чуқур англаган ижодкор сифатида ёдга олиш имконини берди.
Театрга ташриф буюрган меҳмонлар дастлаб Одил Ёқубов асарлари жамланган китоб кўргазмаси билан танишдилар. Унда ёзувчи китобларининг турли йилларда нашр этилган, жумладан, хорижий тиллардаги нусхалари ҳам намойиш этилди. Бу нашрлар адиб ижодига бўлган қизиқиш ўзбек китобхонлари билангина чекланиб қолмаганини кўрсатади.
Кеча давомида намойиш этилган ҳужжатли фильм ҳам иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим муаллифлигида яратилган фильм Одил Ёқубов ҳаёти ва ижодига бағишланган бўлиб, адиб ҳаётлигида суратга олингани билан алоҳида аҳамиятга эга. Унда Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов, адиблар Носир Фозилов, Эркин Аъзам ва бошқа ижодкорларнинг ёзувчи ҳақидаги хотиралари, унинг шахсияти ва адабиётдаги ўрнига доир фикрлари ўрин олган.
[gallery-32460]
Адабий анжуманда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, таниқли ҳуқуқшунос олим, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий директори Акмал Саидов, Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Эрали Туғжанов, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Қулбек Ергўбек, «Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, ёзувчи Рисолат Ҳайдарова, таниқли адабиётшунос олим ва драматург Шуҳрат Ризаев сўзга чиқиб, Одил Ёқубов ижодининг ўзига хос жиҳатлари, унинг ўзбек адабиёти ва маданиятига қўшган ҳиссаси ҳақида фикр билдирдилар.
Одил Ёқубов асарларини ўқиганда, аввало, инсон тақдирига бўлган эътибор кўзга ташланади. Унинг қаҳрамонлари оддий ҳаётий вазиятлар орқали катта саволларни ўртага ташлайди: инсон виждони олдида қанчалик масъул? Ҳақиқат учун курашиш осонми? Тарих ва замон инсон тақдирига қандай таъсир кўрсатади? Адиб ижодининг асосий кучи ҳам шунда — у ўқувчига тайёр хулоса бермайди, балки уни ўйлашга, воқеалар моҳиятини англашга ундайди.
«Тенгдошлар», «Муқаддас», «Қанот жуфт бўлади», «Биллур қандиллар» каби қиссалари, «Эр бошига иш тушса», «Улуғбек хазинаси», «Диёнат», «Кўҳна дунё», «Оқ қушлар, оппоқ қушлар» романлари бугун ҳам ўз ўқувчисини топаётгани бежиз эмас. Уларда тарихий воқеалар ва инсон кечинмалари, жамият муаммолари ва шахсий тақдирлар ўзаро уйғунлашиб кетади. Айниқса, тарихий мавзуларга мурожаат қилганида ҳам адиб ўтмишни шунчаки тасвирлаш билан чекланмайди. У тарих орқали бугунги кун, инсон масъулияти ва маънавий қадриятлар ҳақида фикр юритади.
Ёзувчи ижодининг театр ва кино санъатидаги талқинлари ҳам унинг асарлари кенг бадиий имкониятларга эга эканини кўрсатади. Хотира кечасида «Улуғбек хазинаси» романи асосида суратга олинган видеофильм ва «Ажойиб хаёлпараст» фильмидан лавҳалар намойиш этилди. Бу чиқишлар адиб ижоди китоб саҳифалари билангина чекланиб қолмаганини, бошқа санъат турларида ҳам яшашда давом этаётганини яна бир бор эслатди.
Одил Ёқубовнинг адабиёт ва жамият олдидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланган. У Республика давлат мукофоти, «Ўзбекистон халқ ёзувчиси» фахрий унвони, «Дўстлик», «Эл-юрт ҳурмати» ва «Буюк хизматлари учун» орденларига сазовор бўлган. Бироқ адибнинг энг катта эътирофи, шубҳасиз, унинг асарларини ҳануз мутолаа қилаётган, қаҳрамонлари билан бирга яшаб, уларнинг тақдири ҳақида ўйлаётган китобхонлардир.
Кечанинг энг самимий лаҳзалари адибнинг турмуш ўртоғи Марям Ёқубова билан боғлиқ бўлди. У Одил Ёқубовнинг оиладаги ҳаёти, инсон сифатидаги фазилатлари ва ижодкорлик масъулияти ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашди. Унинг сўзлари орқали иштирокчилар нафақат таниқли ёзувчини, балки яқинлари хотирасида яшаб келаётган инсонни ҳам яна бир бор кашф этдилар. Тадбирда адибнинг фарзанди Малик ака Ёқубов Марям ая номидан адиб хотирасига кўрсатилаётган эътибор учун миннатдорлик билдирди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 1 апрелдаги фармойиши билан «2026 йилда илм-фан, адабиёт, маданият ва санъат соҳалари атоқли намояндаларининг таваллуд саналарини муносиб нишонлаш ҳамда фаолиятини кенг тарғиб этиш дастури» қабул қилинган. Ушбу дастур доирасида мамлакатимизнинг турли ҳудудларида Одил Ёқубов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган тадбирлар ўтказилмоқда. Уларнинг асосий мақсади адиб ҳаёти ва ижодини кенг тарғиб этиш, асарларини янада кўпроқ китобхонга етказишдан иборат.
Пойтахтимизда ташкил этилган хотира кечаси ҳам ана шу эзгу мақсадга хизмат қилди. Чунки адибларни хотирлаш фақат уларнинг ўтган умрини ёдга олиш эмас. Бу, аввало, улар қолдирган маънавий меросни қайта кашф этиш, асарларига мурожаат қилиш ва улардаги ғояларни янги авлодга етказиш демакдир.
Одил Ёқубовнинг адабий мероси бугун ҳам ўз аҳамиятини сақлаб келаётгани унинг ижоди замон синовидан ўтганини кўрсатади. У яратган қаҳрамонлар, уларнинг кечинмалари, ҳақиқат ва адолат йўлидаги изланишлари китобхонни ҳамон бефарқ қолдирмайди. Одил Ёқубов ҳам ўзбек адабиётида қолдирган бой мероси, бетакрор бадиий олами ва китобхонлар қалбидаги ўрни билан яшашда давом этади.
Назокат Усмонова,
Фарҳод Абдурасулов(сурат), ЎзА