Ўзбекистон ва Кўрфаз араб давлатлари муносабатлари – ЎзА нигоҳида
ЎзАнинг мазкур янги рукнида Ўзбекистон ва Кўрфаз араб мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг турли жиҳатлари – сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий алоқалар, инвестициявий лойиҳалар, маданий-гуманитар ҳамда таълим ва инновация соҳаларидаги шериклик масалалари атрофлича ёритиб борилади. Шу билан бирга, икки томонлама муносабатнинг бугунги ҳолати, амалга оширилаётган қўшма дастурлар ва истиқболли йўналишлар таҳлил қилинади. Бу эса ўқувчиларга мазкур ҳамкорликнинг мазмун-моҳиятини чуқурроқ англаш, минтақавий ва глобал аҳамиятини баҳолаш имконини беради.
Кувайт: янги инвестиция лойиҳалари кун тартибида

Ўзбекистон ва Кувайт муносабатлари сўнгги йилларда сезиларли даражада фаоллашди. Жорий йилнинг 15 июль куни мамлакатимиз инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Кувайт Давлатининг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Турки Холид Ҳамад Ал-Микрад билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида томонлар савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, янги лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар. Товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, Ўзбекистон маҳсулотларини Кувайт бозорига олиб чиқиш, бизнес-миссиялар ва кўргазмалар ташкил этиш, ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар кўриб чиқилди.
Айниқса, банк-молия соҳаси, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, саноат ва хизматлар йўналишларидаги лойиҳалар истиқболли деб баҳоланди. Шунингдек, инфратузилма ва логистика лойиҳаларини молиялаштириш юзасидан Араб иқтисодий тараққиёти бўйича Кувайт жамғармаси билан ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Қолаверса, Ўзбекистон – Кувайт бизнес-форумини ташкил этиш, Ҳукуматлараро комиссия фаолиятини фаоллаштириш ҳамда унинг учинчи йиғилишини жорий йил кузида ўлкамизда ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.
Баҳрайн: сиёсий ишонч ва иқтисодий ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

Ўзбекистон ва Баҳрайн муносабатлари ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойиллари асосида ривожланиб бормоқда. Айниқса, кейинги йилларда икки мамлакат ўртасида сиёсий мулоқотлар янада фаоллашиб, ташқи ишлар вазирликлари, парламентлар ҳамда ишбилармон доиралар ўртасида алоқалар кенгайди.
Хусусан, Жидда шаҳрида ўтган “Марказий Осиё – GCC” саммитида Баҳрайн раҳбарияти ва Ўзбекистон делегацияси минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш, савдо, инвестиция, транспорт ва логистика соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича мулоқотлар ўтказди.
Жорий йил март ойида Президент Шавкат Мирзиёев Баҳрайн Подшоҳи Ҳамад бин Исо Ол Халифа билан телефон орқали мулоқот қилиб, Яқин Шарқдаги вазият юзасидан фикр алмашди ҳамда икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирди.
Таъкидлаш керакки, Баҳрайннинг молия хизматлари, банк тизими ва ислом молияси соҳасидаги бой тажрибаси Ўзбекистон учун муҳим аҳамиятга эга. Ҳозирда ислом молияси инструментларини жорий қилиш, инвестиция жамғармалари ташкил этиш ва хусусий капитални жалб қилиш бўйича ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинмоқда.
Қатар: стратегик шерикликни мустаҳкамлаш йўлида муҳим мулоқот

Яқинда пойтахтимизда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва Қатар элчиси Ҳасан бин Ҳамза Ҳошим бўлажак икки томонлама тадбирлар режасини муҳокама қилди.
– Қатар Давлатининг мамлакатимиздаги элчиси, жаноб Ҳасан бин Ҳамза Ҳошимни қабул қилдик, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг телеграм каналида. – Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, олий даражадаги мулоқотлар доирасида эришилган келишувларни изчил амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдик.
Савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-логистика, энергетика, туризм ва маданий-гуманитар йўналишлардаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари юзасидан фикр алмашдик.
Шунингдек, бўлажак икки томонлама тадбирлар жадвали ҳамда халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликнинг долзарб жиҳатларини кўриб чиқдик.
Элчи Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларининг Қатар Давлати собиқ Амири Шайх Ҳамад бин Халифа Ол Соний Ҳазрати Олийларининг вафоти муносабати билан яқинда Доҳа шаҳрига ташриф буюриб, шахсан билдирган ҳамдардлиги ва таъзияси учун Қатар томонининг самимий миннатдорлигини етказди.
БАА: таълим ва меҳнат миграцияси соҳаларида ҳамкорлик ривожланмоқда

Бирлашган Араб Амирликлари бугун диёримиз иқтисодиётига энг кўп инвестиция киритаётган араб давлатларидан бири ҳисобланади.
Айни пайтда ушбу ўлка иштирокида Ўзбекистонда қуёш ва шамол электр станциялари, логистика марказлари, аэропортлар, сув таъминоти ҳамда рақамли ҳукумат соҳасида йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Яқинда юртимизнинг Абу-Дабидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Умид Шодиев БААнинг инсон ресурслари ва олий таълим вазири Абдураҳмон Абдулманнон Ал Авар билан учрашди.
Таъкидланишича, томонлар олий таълим ва меҳнат миграцияси соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиб, қатор амалий келишувларга эришган.
Таълим йўналишида икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, технологиялар, муҳандислик, тиббиёт, давлат бошқаруви ва инновациялар йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Меҳнат миграцияси соҳасида эса БАА томони Ўзбекистон Касбий таълим агентлиги билан яқин вақт ичида видеоконференция ўтказишга тайёрлигини билдирди. Унда Ўзбекистон фуқароларини БАА меҳнат бозорига тизимли жалб қилиш, касбий тайёргарлик сифатини ошириш масалалари кўриб чиқилади.
Саудия Арабистони: ҳамкорликнинг янги саҳифаси

Маълумки, Саудия Арабистони Ўзбекистоннинг энг муҳим стратегик ҳамкорларидан бири. Бугунги кунда ушбу мамлакат компаниялари иштирокида юртимизда шамол ва қуёш электр станциялари қурилиши, энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш ва “яшил” иқтисодиётга ўтиш бўйича қатор йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Яқинда Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари Жидда Савдо-саноат палатаси вакиллари билан учрашди. Диёримизнинг иқтисодий имкониятларини тақдим этиш, ўлкамизга Саудия инвестицияларини кенг жалб қилиш мақсадида ташкил этилган мулоқотда ўзаро шериклик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
“Дунё” АА ёзишича, учрашувда ўзбекистонлик ишбилармон аёлларнинг Саудия Арабистонига ташрифини ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Жидда Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлашини билдирди. У мазкур ташрифни “Ўзбекистон–Саудия Арабистони ишбилармон аёллар” биринчи форуми номи остида жорий йилнинг октябрь–ноябрь ойларида Жидда шаҳрида ўтказишни таклиф қилди.
Ушбу нуфузли тадбир доирасида юртимизда ишлаб чиқарилган экспортбоп маҳсулотларнинг “Made in Uzbekistan” кўргазмаси, юртимиз туризми ва миллий ҳунармандчилик имкониятларини намойиш этувчи “Welcome to Uzbekistan” ярмаркасини ташкил этишга келишиб олинди.
Ўмон: савдо, транспорт ва туризм соҳаларида янги келишувлар сари

Ўзбекистон ва Ўмон ўртасида транспорт-коммуникация, денгиз логистикаси, савдо ҳамда туризм соҳаларида ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Айниқса, Форс кўрфази портларидан фойдаланиш, транзит йўлакларини диверсификация қилиш ва минтақалараро боғлиқликни кучайтириш масалалари икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан ҳисобланади.
Яқинда Ўмон Савдо-саноат палатаси директорлар кенгаши аъзолари ва йирик бизнес вакилларидан иборат делегациянинг юртимизга хизмат сафари амалга оширилди.
Таъкидланишича, Ўмон делегацияси Самарқандда вилоят Савдо-саноат палатаси раҳбарияти ҳамда маҳаллий тадбиркорлар билан икки томонлама учрашувлар ўтказган. Улар ҳудуддаги йирик ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан яқиндан танишиб, ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйди.
Учрашувларда саноат, инфратузилма, туризм, озиқ-овқат хавфсизлиги ва бошқа устувор соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Бизнес-миссия дастури Тошкент шаҳрида давом эттирилиб, делегация аъзолари Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси раҳбарияти, шунингдек, етакчи тадбиркорлар билан учрашди.
Музокараларда икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш ва амалий келишувларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича ҳамкорликни янада фаоллаштиришга келишиб олинди.
Ўткир Алимов, ЎзА