Гўштни самолётда олиб келиш бўйича имтиёз йил якунигача узайтирилади
Қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижалари чорвачиликдаги ҳақиқий ҳолатни кўрсатиб берди. Илгари маълум қилинган рақамларга нисбатан қорамоллар сони 2,1 миллион бошга, қўй ва эчкилар сони 1,5 миллион бошга кам чиқди.
Биргина Қашқадарё вилоятида қорамоллар сони 171 минг бошга, қўй ва эчкилар 288 минг бошга камлиги аниқланган. Бу ушбу вилоят ҳисобидан бозорга 50 минг тонна гўшт ва 120 миллион литр сут чиқмаслигини англатади.
Чорвачилик лойиҳалари учун май ойида Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан 1 триллион сўм ажратилган. Бунга қўшимча равишда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан яна 50 миллион доллар йўналтирилади.
Мазкур маблағлар ҳисобидан чорва комплекси ташкил этишга 5 миллиард сўмгача, наслли қорамолчилик учун 20 миллиард сўмгача 10 фоизли кредит ажратилади. Кредитлар 10 йил муддатга, 4 йиллик имтиёзли давр билан берилади. Йил якунигача четдан 100 минг бош қорамол ва 150 минг бош қўй-эчки олиб келиш вазифаси қўйилди.
Гўштни самолётда олиб келиш бўйича имтиёз йил якунигача узайтирилади.
Президентимиз раислигида жорий йилнинг биринчи ярмида эришилган натижалар ва йил якунигача қилинадиган ишлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.
ЎзА