Ўзбекистон-Германия: кичик бизнесга йўналтирилган 670 миллиард сўм самараси
Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги кичик ва ўрта бизнесни молиялаштириш дастури натижалари сарҳисоб қилинди. Йирик лойиҳанинг мамлакат тадбиркорлигига таъсири ва эришилган ютуқлар муҳокама қилинди.
Германия–Ўзбекистон молиявий ҳамкорлиги доирасидаги кичик ва ўрта бизнесни молиялаштириш дастури натижалари сарҳисоб қилинди. Маблағлар Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлиги (BMZ) тимсолида Германия Ҳукумати томонидан ажратилган. Ушбу дастурни KfW молиявий ташкилоти амалга оширади. Ўзбекистон томонидан асосий ҳамкорлар – Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳисобланади.
Ажратилган маблағлар сарҳисобига бағишланган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари, халқаро институтлар вакиллари, маҳаллий ва хорижий экспертлар, кичик ва ўрта бизнес вакиллари, соҳа мутахассислари иштирок этди. Унда ўтган йиллар давомида эришилган натижаларни муҳокама қилиш ва келгусидаги устувор йўналишлар ҳақида фикр алмашиш учун очиқ мулоқот майдони ташкил этилди. Лойиҳада иштирок этувчилар ўз ғояларини қандай амалга оширганликларини гапириб бердилар. Бундан ташқари, маблағларни самарали тасарруф этиб, ўз бизнесини йўлга қўйган тадбиркорларнинг видеороликлари намойиш этилди.
– Бу имтиёзли кредитлар орқали жуда кўп тадбиркорларимиз кичик ва ўрта бизнесларини бошлаганлар, - дейди Ўзбекистон “Аграр соҳа аёллари” уюшмаси раиси Адиба Аҳмаджонова. – “Аграр соҳа аёллари” уюшмаси ва маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда мамлакатнинг 13 ҳудудида 26 та икки кунлик семинар ўтказилди, уларда 700 нафардан ортиқ хотин-қизлар ва ёшлар иштирок этди. Олинган билим ва амалий кўникмалар иштирокчиларнинг аксариятига ўз бизнесини бошлаш ёки мавжуд бизнесини кенгайтиришга ёрдам берди. Тадбиркорлик ҳақидаги анимацион видеороликлар, конференциялар ва бошқа тадбирларнинг аҳоли орасида замонавий билимлар ва илғор бизнес тажрибаларини тарқатишга хизмат қилди. Натижада, чекка ҳудуд аҳолиси самарали тадбиркорликни бошлаб юбордилар. Масалан, Қонликўллик тадбиркор аёл авваллари фақат гулчилик билан шуғулланиб, ҳудуд аҳолисига сотган бўлса, бугунги кунда унинг имкониятлари кенгайиб, экспортга чиқишга эришди. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин ва улар бугун тадбир давомида бошлаган ишларининг тақдимотини ўтказадилар. Бундан ташқари, дастур доирасида AgroMart онлайн платформаси билан ҳамкорликда қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорликка оид 14 мавзу бўйича бепул видеокутубхона яратилди.
Дастур доирасида ажратилган 26.77 миллион евролик кредит маблағлари Ўзбекистондаги микро, кичик ва ўрта корхоналарга тўлиқ имтиёзли кредит шаклида берилгани катта лойиҳаларга замин яратди. Тижорат банклари томонидан дастурни амалга ошириш даврида, 2025–2026 йилларда мамлакат бўйлаб 1 400 дан ортиқ кичик ва ўрта бизнес субъектига жами 670 миллиард сўмлик кредит ажратди. Бу маблағнинг тахминан 320 миллиард сўми ҳамкор банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан берилган, яъни дастур доирасида ажратилган ҳар бир евро ҳамкор банклар томонидан тахминан шунча миқдордаги маблағ билан тўлдирилган. Тадбир иштирокчилари ушбу молиявий кўмакнинг мамлакатда тадбиркорликни янада ривожлантиришга таъсирини муҳокама қилишди.

– Германия молиявий кўмаги асосида ўзимнинг кичик бизнесимни бошладим, - дейди Навоий вилояти, Қизилтепа туманидан келган тадбиркор Ёқутой Шодиева. – Бунга май ойида ўтилган семинарларда олган билимларим туртки бўлди. Ўзимда ишонч ва қатъият пайдо бўлди. Энди мен фақат хом ашё эмас, балки тайёр маҳсулот қилиб, қадоқлаб бозорга етказиб беряпман. Менга ажратилган 10 минг евролик маблағига, сигир ва керакли ускуналарни сотиб олдим. Даромадимни яна 2-3 баробар оширишни мақсад қилиб қўйдим. Кунига 40 литр сутдан қатиқ, қаймоқ, ҳар хил фоиздаги кефирлар ишлаб чиқаряпмиз ва ҳозирда янги маҳсулотларни йўлга қўйиш устида иш олиб бормоқдамиз.
Тадбирда бевосита бенефициарлар амалий натижаларни тақдим этди ва 3 миллион евролик грант маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган техник кўмак чораларининг аҳамияти ҳақида сўзлаб берди. Нафақат қарз олувчиларнинг, балки ихтисослаштирилган ўқув курслари, семинар ва тренинглар туфайли бизнес юритиш бўйича зарур билимларга эга бўлган, бизнесини кенгайтирган ва янги иш ўринлари яратган тадбиркорларнинг ҳикоялари ҳам тақдим этилди. Дастурни амалга оширишда банк секторининг институционал салоҳиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, ҳамкор банклар фаолиятини такомиллаштириш, замонавий кредитлаш жараёнларини жорий этиш, экологик ва ижтимоий стандартларни қўллаш ҳамда банк мутахассисларининг касбий малакасини ошириш бўйича чора-тадбирлар ёритиб берилди. Бу ташаббуслар банк секторини мустаҳкамлаш ва молиявий хизматлар сифатини оширишга хизмат қилди.
[gallery-https://uza.uz/uz/collection/32110]
Тадбир якунида иштирокчилар дастурни самарали ва натижали якунлашни таъминлашга келишиб олди ҳамда Ўзбекистондаги микро, кичик ва ўрта бизнес ўсишини рағбатлантириш учун келгусида ҳам молиялаштириш зарурлигини таъкидлашди.
Санжар Тошпўлатов, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА