Ўзбекистон ва Жанубий Корея қурилиш соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигида Жанубий Кореянинг KDI — Корея ривожланиш институти вакилларидан иборат делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида Корея ҳукуматининг KSP (Knowledge Sharing Program) малака ошириш ва тажриба алмашиш грант дастури, шунингдек, Корея ҳукумати молия институтларини Ўзбекистонда амалга оширилаётган инфратузилма лойиҳаларига жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда вазирлик мутасаддилари томонидан қурилиш ҳамда уй-жой коммунал хўжалиги соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, устувор йўналишлар ва келгусидаги вазифалар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Томонлар ўзаро тажриба алмашиш, замонавий ёндашувларни жорий этиш, шунингдек, инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш йўналишларида ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдирди.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, KDI — Жанубий Кореяда кенг қамровли сиёсий тадқиқотларни амалга оширувчи етакчи илмий-тадқиқот муассасаларидан бири. Институт KSP грант дастури доирасида дунёнинг 100 дан ортиқ давлатида турли лойиҳаларни амалга оширган.
Ўзбекистон мазкур ҳамкорликда алоҳида ўринга эга. Хусусан, 2004 йилдан буён мамлакатимизда Корея грантлари асосида 26 та лойиҳа амалга оширилган.
Ш.Маматуропова, ЎзА