902 та халқаро стандарт қабул қилинди
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилишида стандартлаштириш соҳасида амалга оширилаётган ишлар, эришилган натижалар ва истиқболдаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Йиғилишда Жамоатчилик кенгаши раиси Азамат Пардаев, кенгаш аъзолари, Агентлик ҳамда Ўзбекистон стандартлар институти масъуллари иштирок этди. Унда стандартлаштириш тизимидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан очиқ мулоқотни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, 2026 йилнинг январь–июль ойларида Ўзбекистон стандартлар институти томонидан 2 минг 476 та стандарт фойдаланиш учун етказиб берилди. Шунингдек, 616 та стандарт лойиҳаси экспертизадан ўтказилиб, 980 та стандарт миллий ахборот тизимининг Стандартлар фонди модулига жойлаштирилди.
Миллий стандартларни халқаро стандартлар билан уйғунлаштириш даражаси 47 фоизга етказилди. 902 та халқаро стандарт асл тилида қабул қилинди.

Бу кўрсаткичлар мамлакатда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати ва рақобатбардошлигини ошириш, миллий стандартларни халқаро талабларга яқинлаштириш ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун замонавий стандартлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Стандартлаштириш тизимида малакали кадрлар тайёрлаш ва мутахассислар салоҳиятини ошириш ҳам устувор йўналишлардан бири бўлмоқда. Ҳисобот даврида 2 минг 241 нафар мутахассиснинг малакаси оширилди. Натижада режа 149,4 фоизга бажарилди. Шунингдек, стандартлаштириш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларида фаолият юритаётган 1 минг 131 нафар мутахассис аттестациядан ўтказилди.
Халқаро ҳамкорлик доирасида ҳам муайян натижаларга эришилди.
Йиғилишда 2026 йил январь–сентябрь ойларига белгиланган KPI кўрсаткичлари ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, халқаро ва Европа стандартларини қабул қилиш, стандартлар фондини мунтазам янгилаб бориш, маънан эскирган стандартларни бекор қилиш, мутахассислар малакасини ошириш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш ҳамда хизматлар экспортини кенгайтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Ш.Маматуропова, ЎзА