Ўзбекистон ва Италия ўртасида меҳнат миграцияси ва тиббиёт йўналишида кадрларни тайёрлаш бўйича ҳамкорлик кенгаймоқда
Миграция агентлиги директори Муҳсинхўжа Абдураҳмонов Италиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Гвидо Де Санктис билан учрашди. Унда Италиядаги Ўзбекистон фуқароларини ишга жойлаштириш, тиббиёт йўналишида кадрларни тайёрлаш ва мавсумий бандлик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Эришилган келишувлар доирасида ўтган йили 10 нафар ўзбекистонлик мутахассислар Италияда малака ошириб қайтди. Ушбу йўналишдаги ишларни кўламини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Йил охирига қадар Миланда ишлаш учун 20 нафарга яқин олий маълумотли ҳамшираларни тайёрлаш режалаштирилган. Шунингдек, 30 нафар шифокорларимиз Италияда ўз фаолиятини давом эттириш учун итальян тилини ўрганмоқда.
Ломбардия, Пьемонт ва Сардиния ҳудудларида ўзбекистонлик тиббиёт мутахассисларига қизиқиш катта эканлиги қайд этилди. Шу боис, томонлар кадрларни тил бўйича ва касбий тайёрлаш, уларни ишга жойлаштириш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашувда шунингдек, мавсумий бандлик соҳасидаги ҳамкорлик натижалари ҳам кўриб чиқилди. Яқинда 38 нафар Наманган вилояти фуқаролари қишлоқ хўжалигида меҳнат қилиш учун Феррара провинциясига ташриф буюрдилар.
Келгусидаги ишлар - талаб юқори бўлган касблар бўйича кадрлар сонини ошириш, уларни касбий салоҳиятини ошириш, шунингдек Италиянинг турли ҳудудларида Ўзбекистон фуқароларининг қонуний бандлик имкониятларини кенгайтиришдан иборат.
Олий маълумотли ҳамширалар Италияда ишлашга тайёргарлик бўйича ўқув дастурида рўйхатдан ўтишлари мумкин.
Азиза Алимова, ЎзА