Ўзбекистон ва Иордания олий таълим ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик кенгаймоқда
Ўзбекистон ва Иордания олий таълим ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик, жумладан, тиббий таълим соҳасида ўзаро тажриба алмашиш ҳамда истиқболли ҳамкорлик йўналишлари ривожланмоқда.
Жорий йил 17–18 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган Ўзбекистон ва Иордания олий таълим ташкилотлари ректорлари форуми доирасида Иордания олийгоҳлари ректорлари делегацияси Тошкент давлат тиббиёт университетига ташриф буюрди.
Делегация аъзоларига университетнинг фаолияти, таълим ва илмий-тадқиқот йўналишларидаги имкониятлари, замонавий инфратузилмаси ҳамда тиббиёт соҳасида малакали мутахассислар тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Меҳмонлар университетнинг вазиятлар маркази, симуляция маркази ҳамда талабаларнинг назарий билимларини амалий кўникмалар билан мустаҳкамлашга хизмат қилувчи замонавий ўқув масканлари фаолияти билан яқиндан танишдилар, дейилади Таълим ва илм-фан вазирлиги маълумотида.
Шунингдек, делегация вакиллари университетда талабалар учун яратилган шарт-шароитлар, таълим жараёнига замонавий технологияларни жорий этиш, амалий машғулотларни самарали ташкил этиш ҳамда таълим сифатини ошириш борасидаги имкониятларни ҳам кўздан кечиришди.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА