Ўзбекистон – Хитой муносабатларини мустаҳкамловчи олий ўқув юрти
Бугунги кунда жаҳон иқтисодиётининг барқарор ривожланиши кўп жиҳатдан энергетика ресурслари, замонавий технологиялар ва малакали мутахассисларга боғлиқ. Айниқса, нефть-газ саноати, қайта тикланувчи энергия манбалари, геология ва рақамли технологиялар соҳасида чуқур билимга эга кадрлар тайёрлаш ҳар бир мамлакат учун стратегик аҳамият касб этмоқда.
Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном районида фаолият юритаётган Пекин нефть университетининг Қорамой кампуси ана шу мақсадларга хизмат қилаётган замонавий олий таълим ва илмий-тадқиқот масканларидан биридир. У 2015 йилда очилган.
Ушбу таълим муассасасига ташриф буюрган киши, аввало, унинг замонавий меъморий қиёфаси, ўқув бинолари, лабораториялари, талабалар учун яратилган шароитлар ва илм-фанга бўлган юксак эътиборни кўриб, Хитойда таълим соҳаси қандай суръатларда ривожланаётганига гувоҳ бўлади.
Қорамой Хитойнинг муҳим нефть-газ саноати марказларидан бири ҳисобланади. Университетнинг айнан шу шаҳарда фаолият бошлаши таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасида узвий алоқаларни йўлга қўйиш имконини берди.

Қорамой кампусининг асосий хусусияти ҳам шунда: бу ерда таълим жараёни ҳудуднинг саноат салоҳияти ва иқтисодий эҳтиёжлари билан чамбарчас боғланган.
Университетда нефть ва газ муҳандислиги, геологик ресурслар ва геологик муҳандислик, кимё технологиялари, ахборот технологиялари, дастурий таъминот, маълумотлар илми ва бошқа замонавий йўналишларда мутахассислар тайёрланади. Бугунги кунда кампусда 27 та бакалавриат, 20 та магистратура ва 17 та докторантура йўналишлари мавжуд. 2026 йил маълумотларига кўра, бу ерда қарийб 9 минг 800 нафар бакалавриат талабаси, 900 нафардан ортиқ магистрант ва 100 нафарга яқин докторант таҳсил олмоқда.

Университетнинг яна бир муҳим жиҳати халқаро ҳамкорликка, жумладан, Марказий Осиё мамлакатларидан келган ёшларнинг таълим олишига алоҳида эътибор қаратилаётганидир. Қорамойнинг географик жойлашуви, энергетика саноати билан боғлиқ илмий салоҳияти ва Хитойнинг замонавий таълим тизими бу ерни хорижлик талабалар учун ҳам қизиқарли масканга айлантирмоқда.
Ҳозирги даврда энергетика саноати катта ўзгаришларни бошдан кечирмоқда. Анъанавий нефть ва газ ресурсларидан самарали фойдаланиш билан бир қаторда, қайта тикланувчи энергия манбалари, экологик хавфсиз технологиялар, рақамли бошқарув ва сунъий интеллектнинг аҳамияти ортиб бормоқда. Қорамой кампусида ҳам таълим ва илмий тадқиқотларнинг янги йўналишларига эътибор кучаймоқда. Университетнинг илмий салоҳияти нафақат нефть ва газ саноати, балки кимё, материалшунослик, геология, муҳандислик ва компьютер технологиялари соҳаларида ҳам намоён бўлмоқда.

Пекин нефть университетининг Қорамой кампуси тажрибаси Ўзбекистон учун ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Мамлакатимизда нефть-газ саноатини модернизация қилиш, геология-қидирув ишларини такомиллаштириш, углеводород хомашёсини чуқур қайта ишлаш, муқобил энергетикани ривожлантириш ва малакали муҳандис кадрлар тайёрлаш муҳим вазифалардан ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, Қорамой кампуси билан Ўзбекистон олий таълим муассасалари, жумладан, энергетика, геология ва техника йўналишидаги университетлар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш учун имкониятлар мавжуд.

Қўшма илмий лойиҳалар, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви, стажировкалар, халқаро конференциялар, лаборатория тадқиқотлари ва магистратура дастурлари ана шундай ҳамкорликнинг самарали йўналишлари бўлиши мумкин. Айниқса, Фарғона водийсидаги нефть-газ ва кимё саноати корхоналари билан Қорамойнинг илмий-таълим муассасалари ўртасида амалий алоқаларни йўлга қўйиш истиқболли йўналишлардан биридир.

Зеро, бугунги кунда таълим соҳасидаги ҳамкорлик фақат дипломли мутахассис тайёрлаш билан чекланмайди. У янги технологиялар, илмий кашфиётлар, ишлаб чиқариш самарадорлиги ва иқтисодий тараққиётга хизмат қилиши керак.
Пекин нефть университетининг Қорамой кампуси мисолида бир муҳим ҳақиқатни кўриш мумкин: замонавий саноат марказининг тараққиёти илм-фан ва таълим билан узвий боғлиқ бўлиши лозим.

Қорамой бугун нефть шаҳри сифатидаги тарихий қиёфасини сақлаган ҳолда, илм-фан, замонавий технологиялар ва халқаро таълим ҳамкорлиги маркази сифатида ҳам ривожланмоқда.
Университет эса ана шу жараённинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.

Энг муҳими, бу ерда таҳсил олаётган ёшлар турли мамлакатлар, миллатлар ва маданиятлар вакиллари билан бир аудиторияда билим олиш, тажриба алмашиш ва келажакда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш имконига эга бўлмоқда. Бинобарин, университетлар фақат илм-фан ва касб-ҳунар ўргатиладиган маскан эмас. Улар халқларни яқинлаштирадиган, дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлайдиган маънавий кўприк ҳамдир. Қорамой кампусининг бугунги фаолияти ана шу эзгу мақсадга хизмат қилмоқда.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА
Хитойнинг Қорамой шаҳри.