Ўзбекистон ва Хитой туризм соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Ўзбекистон ва Хитой ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорлик тобора фаоллашиб бормоқда. Айниқса, инвестициялар, замонавий меҳмонхона инфратузилмаси ва халқаро брендларни жалб қилиш борасидаги музокаралар икки давлат муносабатларида янги имкониятларни очмоқда.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов “Templewater” компанияси раҳбари Клифф Жанг билан учрашув ўтказди. Мулоқот давомида туризм, энергетика, жойлаштириш воситалари ва сунъий интеллект соҳаларида амалга оширилиши режалаштирилган инвестиция лойиҳалари муҳокама қилинди.

Учрашувнинг асосий мавзуларидан бири Хитойнинг дунёга машҳур меҳмонхона брендлари — “Rosewood Hotels & Resorts” ва “Shangri-La Hotels and Resorts” тармоқларини Ўзбекистон бозорига олиб кириш масаласи бўлди. Бу каби йирик брендларнинг мамлакатга кириб келиши нафақат туризм хизматлари сифатини оширади, балки Ўзбекистоннинг халқаро туристик имижини ҳам мустаҳкамлайди.
Томонлар, шунингдек, тоғли ҳудудларда туризмни ривожлантириш бўйича Гонгконг тажрибасини жорий этиш, замонавий мастер-режалар ишлаб чиқиш ва инфратузилма лойиҳаларига хорижий сармоядорларни жалб қилиш имкониятларини ҳам кўриб чиқди.

Учрашув доирасида Самарқанд вилоятидаги “Имом Ал-Бухорий” мажмуаси атрофида барпо этилаётган меҳмонхона ва оилавий меҳмон уйлари лойиҳаси тақдимоти ҳам ўтказилди. Мазкур лойиҳа зиёрат туризмини ривожлантириш ва сайёҳлар учун қулай шароит яратишга хизмат қилиши таъкидланди.
Музокаралар якунида икки томон Ўзбекистон туризм салоҳиятини халқаро миқёсда тарғиб қилиш, йирик меҳмонхона тармоқларини жалб этиш ва инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича ҳамкорликни кучайтиришга тайёр эканини билдирди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА