Иқтисодий барқарорлик Фарғона туризмининг драйверига айланмоқда
Фарғона водийси азалдан нафақат серҳосил замини ва меҳнаткаш халқи, балки бой маданий мероси, ҳунармандчилик анъаналари ва савдо йўлларидаги муҳим ўрни билан ҳам эътироф этилган. Риштон кулолчилиги, Марғилон ипакчилиги, қадимий шаҳарлар тарихи ва меҳмондўст муҳит бу ҳудудни асрлар давомида сайёҳлар учун жозибадор манзилга айлантириб келган.
Бугунги кунда эса Фарғона янги тараққиёт босқичига чиқмоқда. Жаҳонда иқтисодий барқарорлик, инвестицион ишонч ва замонавий туризм инфратузилмаси ҳудудлар рақобатбардошлигининг асосий мезонига айланаётган бир пайтда водий ҳам ўзининг иқтисодий ва туристик салоҳиятини изчил намоён этмоқда.
Халқаро рейтинг агентликлари томонидан Фарғона вилоятига “BB-” даражасидаги “Барқарор” рейтингнинг берилиши бу борада муҳим аҳамият касб этди. Мутахассислар таъкидлашича, бундай рейтинглар ҳудуднинг молиявий барқарорлиги, инвестицион жозибадорлиги ва иқтисодий истиқболини ифодаловчи муҳим кўрсаткич ҳисобланади. Айниқса, хорижий инвесторлар ва туристлар ҳудуд имкониятларини баҳолашда айнан шу каби халқаро мезонларга таянади.

Фарғонанинг халқаро рейтингдаги ижобий ўрни ҳудудга инвестициялар оқимини кенгайтириш, туризм инфратузилмасини модернизация қилиш ва халқаро туристлар сонини ошириш учун янги имкониятлар яратмоқда. Бу эса вилоят иқтисодиётида хизматлар соҳаси улушининг ортишига, янги иш ўринлари яратилишига ва аҳоли даромадларининг кўпайишига хизмат қилади.
Бугунги Фарғона нафақат саноат ва тадбиркорлик маркази, балки бой тарихий-маданий меросга эга туристик ҳудуд сифатида ҳам ривожланмоқда. Риштон кулолчилик мактаби, Марғилон атлас ва ипакчилик анъаналари, водийнинг бетакрор табиати ҳамда миллий қадриятларга бой муҳит туристик жозибадорликни янада оширмоқда.
Сўнгги йилларда жаҳон туризм бозорида янги йўналишларга талаб ортиб бораётгани Фарғона учун қўшимча имкониятлар очмоқда. Хусусан, MICE-туризм – халқаро форумлар, конференциялар ва бизнес учрашувлари туризми ҳудуд иқтисодиёти учун истиқболли йўналиш сифатида намоён бўлмоқда. Иқтисодий барқарорлик ва қулай бизнес муҳити халқаро тадбирларни ташкил этиш учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Бу эса меҳмонхона бизнеси, транспорт-логистика, сервис хизматлари ва ахборот технологиялари соҳалари ривожига кучли туртки бермоқда. Шу билан бирга, агротуризм ҳам вилоятнинг энг истиқболли тармоқларидан бирига айланмоқда. Серҳосил ерлар, боғдорчилик маданияти, миллий қишлоқ ҳаёти ва экологик дам олиш масканлари хорижий сайёҳларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Ҳунармандчилик туризми эса Фарғонанинг ўзига хос бренди сифатида шаклланиб бормоқда. Риштон кулолларининг ноёб сопол буюмлари, Марғилон ипакчиларининг қадимий атлас тўқиш анъаналари нафақат туристларни жалб этмоқда, балки “Made in Uzbekistan” брендининг халқаро майдондаги нуфузини ҳам мустаҳкамламоқда.
Айни пайтда соҳада ҳал этилиши лозим бўлган вазифалар ҳам мавжуд. Халқаро стандартларга мос меҳмонхона ва сервис объектлари сонини кўпайтириш, рақамли туризм платформаларини ривожлантириш, хорижий тилларда хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ҳамда ҳудудий туризм маркетингини кучайтириш устувор вазифалардан саналади.
Мутахассислар фикрича, “smart tourism” ва “sustainable tourism” концепцияларини жорий этиш Фарғона туризмини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқади. Рақамли технологиялар, экологик бошқарув ва “яшил иқтисодиёт” тамойилларига асосланган туризм модели ҳудуднинг узоқ муддатли рақобатбардошлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Энг муҳими, туризм ривожи аҳоли фаровонлигига хизмат қилади. Янги иш ўринлари яратилади, хизматлар экспорти кенгаяди, ёшлар ва хотин-қизлар бандлиги ортади, маҳаллий тадбиркорлик ривожланади.
Фарғона вилоятининг иқтисодий барқарорлиги бугун туризм тараққиётининг муҳим драйверига айланмоқда. Халқаро рейтингларнинг яхшиланиши, инвестицион муҳитнинг мустаҳкамланиши ва замонавий туризм йўналишларининг ривожланиши келгусида Фарғонани нафақат Ўзбекистоннинг, балки Марказий Осиёнинг энг жозибадор туристик ва инвестицион марказларидан бирига айлантириши шубҳасиз.
Асилжон Юлчиев,
Фарғона давлат университети,
Иқтисодиёт факультети катта ўқитувчиси, и.ф.ф.д.
ЎзА