Ўзбекистон ва Хитой олимлари инсон тарихининг сирларини бирга ўрганади
Инсон тарихи, унинг келиб чиқиши ва қадимги аждодларининг ҳаёт тарзини ўрганишда бугунги илм-фан олдида ҳали жавоби топилмаган кўплаб саволлар бор.
Бу саволларга жавоб излашда археология, антропология, генетика ва палеонтология каби соҳаларнинг ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, қадимги ДНК ва оқсилларни ўрганиш каби замонавий усуллар инсон ва жамият тарихига оид янги маълумотларни аниқлаш имконини бермоқда.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ва Хитой олимлари ўртасидаги илмий ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Антропология институти ҳамда Пекин шаҳридаги Хитой Фанлар академияси Умуртқалилар палеонтологияси ва палеоантропология институти (IVPP) ўртасида илмий ҳамкорлик келишуви имзоланди.

Беш йилга мўлжалланган мазкур келишув палеолит археологияси, қадимги ДНК ва оқсиллар, палеоантропология ҳамда қадимги табиий муҳитни ўрганиш бўйича қўшма тадқиқотларни назарда тутади.
Ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон ҳудудида экспедициялар ташкил этиш, илмий лойиҳаларни амалга ошириш, қўшма илмий мақолалар тайёрлаш ва конференциялар ўтказиш режалаштирилган. Шунингдек, Антропология институти илмий ходимлари ва докторантлари учун IVPP лабораторияларида ҳар йили бир-икки ойлик илмий стажировкалар ташкил этилиши кўзда тутилган.
Палеонтология ва палеоантропология соҳаларидаги етакчи илмий муассасалардан бири ҳисобланган IVPP билан ҳамкорлик Ўзбекистонда антропология фанини янада ривожлантириш учун янги имкониятлар яратади.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА