“Сўғдиёна”нинг ижодий йўли
“Сўғдиёна” халқ чолғулари камер оркестри – Ватанимиз мустақиллигига тенгдош жамоа.
Оркестр учун 35 йил – шунчаки бир сана эмас. Бу минглаб репетициялар, юзлаб концертлар, ўнлаб мамлакатлар, турли авлод вакиллари, янги ижодий изланишлар ва, энг муҳими, ўзбек миллий мусиқасини дунё саҳналарида танитишга бағишланган катта меҳнат тарихидир.
1991 йил 5 сентябрь. “Сўғдиёна” айнан шу куни ўз фаолиятини бошлаган. Ўша пайтда жамоанинг ҳатто доимий машғулот ўтказадиган аниқ манзили ҳам йўқ эди. Бугунги замонавий концерт заллари, халқаро саҳналар ва катта фестивалларни тасаввур қилган ҳолда қарасак, бу даврни бошқача баҳолаш мумкин: оркестр аввало ўз уйини эмас, ўз овозини излаган.
Қарийб 7,5 йил давомида жамоа турли жойларда репетиция ва концертлар ўтказди. Аммо бу қийинчиликлар унинг ижодий ҳаракатини тўхтатмади. 1998 йилда “Сўғдиёна” Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тасарруфига олинди. 2018 йилдан эса жамоа Ўзбекистон давлат филармонияси таркибида ўз ижодий фаолиятини давом эттириб келмоқда.
Оркестрнинг асосчиси, бадиий раҳбари ва бош дирижёри, фидойи ва заҳматкаш инсон – Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, профессор Фируза Абдураҳимова. Жамоа дирижёри эса халқаро танловлар ғолиби – Қаҳрамон Бозоров.

Ўзбекистондан бошланиб дунё саҳналаригача давом этган йўл
“Сўғдиёна”нинг тарихига қаралса, унинг концерт географияси ҳам алоҳида бир харитага айланади. Россиядан Қозоғистонгача, Германиядан Испаниягача, Жанубий Кореядан АҚШгача, Франция, Австрия, Чехия, Швеция, Туркия, Ҳиндистон ва Мисргача... Турли мамлакатлар, турли маданиятлар, турли саҳналар.
Саҳнага чиққанда эса “Сўғдиёна”нинг асосий тили битта – мусиқа. Жамоа 35 йил давомида халқаро танлов ва фестивалларда Ўзбекистоннинг миллий чолғу ижрочилиги ва мусиқа маданиятини намойиш этиб келди.
1996 йил Испанияда ўтказилган XXX Халқаро мусиқа фестивалидаги Гран-при мукофоти — ана шу йўлдаги энг ёрқин натижалардан бири.
2008 йилда АҚШдаги масофавий халқаро танловда — биринчи ўрин.
2010 йил Қозоғистоннинг Оқтўбе шаҳрида ўтказилган “Жубанов коктеми” халқ чолғулари оркестрларининг I халқаро фестивал-танловида — биринчи ўрин.
2018 йил Атираудаги Қурманғози номидаги халқ чолғулари оркестрлари фестивалида лауреатлик.
2020 йилда эса Туркия ва Россия ҳамкорлигида ўтказилган “CA AVE MUSICA” I масофавий халқаро танловида — яна Гран-при.
Бу рўйхатдаги мукофотлардан ҳам қизиғи – улар ортида турган география. “Сўғдиёна” учун халқаро саҳна шунчаки концерт жойи эмас, ўзбек мусиқасини бошқа халқларга эшиттириш имконияти бўлган.

Яна бир эътироф
2022 йилда Маданият вазирлиги томонидан таъсис этилган “Янги Ўзбекистон юлдузлари” маданият ва санъат миллий мукофотида “Сўғдиёна” “Йилнинг энг яхши бадиий жамоаси” номинацияси ғолиби бўлди.
Бу мукофот жамоанинг кўп йиллик ижодий фаолиятига берилган эътирофлардан бири сифатида тарихда қолди.
“Наврўз садолари”: бир фестивалдан кўра каттароқ ғоя
“Сўғдиёна”нинг энг муҳим лойиҳаларидан бири – “Наврўз садолари” фестивали. Унинг тарихи ҳам 1996 йилдан бошланади.
Дастлаб Республика миқёсидаги фестивал сифатида йўлга қўйилган “Наврўз садолари” 2015 йилдан халқаро мақом олди. Лойиҳанинг мақсади эса оддий – ёшларнинг мусиқий салоҳиятини ошириш, уларни саҳнага олиб чиқиш, турли жамоалар ўртасида ижодий мулоқот муҳитини яратиш.
Йиллар давомида фестивал Ўзбекистон давлат консерваторияси, “Соғлом авлод” халқаро хайрия жамғармаси ва Швейцария томони билан ҳамкорликда ўтказиб келинди. Аслида, “Наврўз садолари” — мусиқа фестивалидан кўра кенгроқ тушунча. Чунки ҳар бир шундай тадбирда саҳнага нафақат мусиқа, балки янги авлоднинг орзулари ҳам чиқади.
“Сўғдиёна”нинг ижодий хазинаси
“Сўғдиёна”нинг ижодий мероси фақат концертлардан иборат эмас. Жамоа фаолияти давомида 13 та CD, 6 та DVD, 4 та ҳужжатли фильм ва 3 та китоб нашр этилган. Эътиборга молик томони – оркестр 1919 йилда Германияда суратга олинган “Чиғаноқлар маликаси” ва “Қўғирчоқ” номли икки овозсиз фильмнинг янги экранлаштирилган вариантларига мусиқий ҳамроҳлик қилган. Яъни бир аср аввал тасвирга туширилган, аммо овозсиз қолган кадрларга “Сўғдиёна” мусиқа орқали янги ҳаёт берган. Бу мусиқанинг вақтдан устунлигини кўрсатадиган ўзига хос ижодий тажриба.

30 дан зиёд хорижлик ижодкор билан бир саҳнада
Жамоа турли йилларда 30 дан ортиқ хорижлик созанда ва ижодий жамоалар билан ҳамкорлик қилган, 50 га яқин қўшма лойиҳа ва концертларда иштирок этган. Бу ҳамкорликлар орасида Германиянинг Лейпциг Олий мактаби ансамбли, Франциянинг Лион консерваторияси ансамбли, Георг Гласл квартети, Буюк Британиянинг “Iron Horse” рок-фолк гуруҳи, Швейцариялик хонанда Саодат Туркёз, Япониянинг Токио университети кото ансамбли ва АҚШнинг Адам Киппл Жазз ансамбли бор. Яъни оркестр турли мамлакатларнинг мусиқа мактаблари, турли услублар билан бир саҳнада фаолият кўрсатди. Бунда “Сўғдиёна”нинг 35 йиллик фаолиятидаги энг муҳим ғоялардан бири намоён бўлади: миллий мусиқа ўзлигини сақлаган ҳолда дунё мусиқаси билан мулоқот қила олади.
35 йил — якуний нуқта эмас
Бугун “Сўғдиёна” 35 ёшда. Оркестрнинг тарихидаги энг қизиқарли жиҳат унинг фақат қанча мамлакатда бўлгани ёки қанча мукофот олганида эмас. Муҳими – 1991 йилда аниқ манзили ҳам бўлмаган бир жамоа бугун халқаро саҳналарда ўз овозига эга ижодий жамоага айланганида.
35 йил давомида “Сўғдиёна”нинг созлари турли саҳналарда жаранглади.
Энди эса бу садо янги авлодга ўтиб бормоқда. Чунки ҳақиқий санъатнинг ёши бўлмайди.
Н.Усмонова, ЎзА