Ўзбекистон ва Хитой муносабатларида янги давр
Ўзбекистоннинг Хитой Халқ Республикаси билан икки ва кўп томонлама муносабати ўзаро манфаатли тарзда йўлга қўйилган бўлиб, бугун мазкур алоқалар стратегик шерикчилик даражасига кўтарилган.
Дипломатик муносабатнинг 30 йилдан ортиқ даври мобайнида томонлар ўртасида ўзаро ишонч, дўстлик ва қадриятлар аллақачон шаклланиб улгурди, ўзаро ришталар мустаҳкам асосга эга бўлди. Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашувида, шунингдек Марказий Осиёда барқарорлик мустаҳкамланишида нафақат ривожланган Ғарб мамлакатлари, балки иқтисодий ўсиш суръати кучайиб бораётган Осиё мамлакатлари, хусусан ХХР билан кўп қиррали алоқалар муҳим ўрин тутади. Евроосиёда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, барқарор ривожланиш жараёнида учрайдиган муаммоларни биргаликда ҳал этиш йўлида ХХР охирги ўн йилликларда сезиларли таъсирга эга бўлаётгани кўпчиликка аён. Шу маънода Ўзбекистон ва Хитой икки ва кўп томонлама форматда, айниқса, стратегик масалаларда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келаётган иттифоқчилар, дея оламиз.

Жамиятларига хос шарқона қадриятлар – катталар ва устозларга ҳурмат, оилавий ришталарга садоқат, жамоавий руҳият ва сиёсий маданият, томонларнинг тарихий ва жўғрофий боғлиқлик, умумий Ипак йўли ва бошқа омиллар бу икки заминни қадимдан жиҳатдан бир-бирига яқинлаштирган. Марказий Осиё турли даврларда Хитойни Яқин Шарқ ҳамда Европа билан боғлайдиган кўприк вазифасини ўтаган. Бугун эса мамлакатларимиз иқтисодиётида бир-бирини тўлдирадиган соҳалар – ишлаб чиқариш, саноат кооперацияси, маданий ва туризм соҳаларида ҳам фойдаланилмаган имконият кенг.
Ўзбекистон ва ХХР ҳамкорлиги енгил саноат, қурилиш, тиббиёт, машинасозлик, таълим, яшил энергетика каби муҳим соҳаларда муваффаққиятли ривожланмоқда. Айниқса, кейинги йилларда ушбу давлат сармояси ҳисобига мамлакатимизда фаолият олиб бораётган корхоналар кескин кўпайди. Хитой компаниялари ва молия институтлари иштирокида юқори технологиялар, муқобил энергетика, кимё, машинасозлик, металлургия, электротехника, инфратузилмани модернизация қилиш бўйича йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Сўнгги йилларда Хитой инвестицияси миқдори беш баробар, компаниялар сони уч баробар кўпайди. Жорий йил бошидан буён ўзаро савдо 36 фоиз ўсди. Яқин беш йилда товар айирбошлаш қийматини 20 миллиард долларга етказиш кўзда тутилган. Бу жараёнда қўшимча қийматга эга инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқаришни биргаликда ташкил этиш орқали юқори технологияли лойиҳалар портфелини кенгайтириш, иқтисодий, маданий, таълим соҳаларидаги минтақалараро ҳамкорликка алоҳида урғу қаратилмоқда. Хитойнинг етакчи банклари ва Ипак йўли жамғармаси билан ҳамкорлик янада фаоллашмоқда.
Ўзбекистон ва Хитойни тарихан боғлаган Ипак йўли замонавий босқичда ХХР Раиси Си Цзиньпин томонидан 2013 йил илгари сурилган “Бир макон, бир йўл” халқаро тараққиёт ташаббуси орқали ривожлантирилмоқда. 2023 йил май ойида Хитойнинг Сиань шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё ва Хитой” минтақалараро биринчи форумида икки ва кўп томонлама муносабатларни янада жадаллаштириш таклиф этилган. Ўзбекистон ва ХХР етакчилари расмий учрашувлар, мулоқотлар чоғида ўзгариб бораётган глобал тартибот шароитида ўзаро манфаатли алоқаларни жадаллаштириш зарурлигини таъкидлаб келади. Хусусан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2023 йил 17 октябрь куни Хитойда комплекс масалалар, жумладан давлатларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга оид долзарб масалаларни кўтарган. Давлатимиз раҳбари қайд этишича, “Бир макон бир йўл” глобал ташаббуси қисқа давр ичида инсониятнинг умумий тараққиёт ва фаровонликка эришишига хизмат қиладиган очиқ платформага айланди.
Ўзбекистон ва Хитой кўп қиррали муносабатини янада чуқурлаштириш ҳозир ҳам кун тартибидаги долзарб масала ҳисобланади. Айни вазият, бизнингча, бунга дунё ва минтақа миқёсида, шунингдек мамлакатларимизда кечаётган қуйидаги шарт-шароитлар билан бевосита боғлиқ:
- Глобал тартиботдаги кутилаётган кўп марказли тизимга ўтиш жараёни олдидан стратегик режалаштириш зарурати;
- Шарқий Европа ва Яқин Шарқдаги геосиёсий кризислар ортидан юзага келган гуманитар вазиятни барқарорлаштиришда кўп томонлама дипломатик воситачиликка эҳтиёж;
- Ўзбекистон ва Хитойдаги айрим ижтимоий муаммолар (иқлим ўзгариши, тартибсиз миграция, аҳоли қариши, соғлиқни сақлаш, камбағалликни камайтириш)га қарши курашишда ҳамкорлик таклифи;
- Мамлакатлар ўртасида транспорт-логистика, энергетика ва таъминот занжирига уланишда фойдаланилмаган имкониятларни руёбга чиқариш ҳамда мавжуд режаларни амалга ошириш (“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилишини тезлаштириш, Марказий Осиёни Яқин Шарқ билан боғлайдиган темир йўл лойиҳасига ХХРни жалб этиш) таклифи илгари сурилиши;
- Глобал ва минтақавий масалалар бўйича икки ва кўп томонлама сиёсий мулоқот ҳамда ўзаро қўллаб-қувватлов мавжудлиги (бу ўтган ўн йилликларда ва ҳатто, Афғонистондаги ички сиёсий ўзгариш туфайли ҳам яққол намоён бўлмоқда).
Бугун бемалол айтиш мумкинки, Ўзбекистон ва Хитой муносабатида янги давр бошланган. Янги даврда томонлар ўртасида комплекс стратегик шерикликни ривожлантириш бўйича беш йиллик дастур амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Президентининг ўтган йил май ойида Хитойга давлат ташрифи чоғида эришилган келишувлар изчил амалга оширилаётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилган эди.
Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш бўйича Хитой тажрибасини ўрганиш ва амалга ошириш учун самарали тажриба алмашиш оқали амалий ҳамкорлик қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон томонидан 2023 йил – “Марказий Осиё ва Хитой халқлари маданияти ва санъати йили” деб эълон қилиш ташаббуси билдирилиб, мазкур лойиҳа доирасида қатор тадбирлар амалга оширилди. Масалан, ўтган йил Ханжоу шаҳридаги Миллий Ипак музейида диёримизга бағишланган тақдимот ўтказилган. Пекиндаги “Гугонг” сарой музейида “Маданий мерос ва археология соҳасидаги камар ва йўл ҳамкорлиги” кўргазмасида бой тарихий меросимиз намойиш этилди. 2023 йил октябрь ойи охирида Ўзбекистонда Хитой маданияти кунлари ўтказилди. Жорий йил баҳорда Хитойда Ўзбекистон маданияти кунларини ташкил этиш режалаштирилган.
Ўзбекистон ёшлари орасида Хитой тилини ўрганишга қизиқиш ортиб бормоқда. Тошкент давлат шарқшунослик университетида 2014 йилдан буён фаолият олиб бораётган Хитойшунослик факультети минтақамизда ягона ҳисобланади. Конфуций институти ҳам минтақамиздаги дастлабки филиалларини айнан Ўзбекистонда – Тошкент ва Самарқандда очган. Хитой тилини ўқитиш, ёш олимлар алмашинувини кенгайтиришга эҳтиёж яққол сезилмоқда. Жумладан, ХХР ҳукуматининг “YES-China” дастури халқларимиз ўртасидаги ўзаро англаш муҳитини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Жорий йил 12 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Хитой Халқ Республикаси Давлат Кенгаши ҳузуридаги Европа ва Осиё ижтимоий тараққиёт институти Тараққиёт тадқиқот маркази томонидан Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигига доир муҳим масалаларга бағишланган халқаро анжуман уюштирилди. Тадбирда дипломатлар, экспертлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, мавжуд алоқаларни ривожлантиришга доир янги йўналишларини аниқлаб олдилар ҳамда муҳим таклифлар билдирдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан 23-25 январь кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлади. Ташриф дастурига мувофиқ, Пекин шаҳрида олий даражадаги музокаралар ҳамда қатор икки томонлама учрашувлар ўтказилиши кутилмоқда. Кун тартибидан ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олган. Шунингдек, давлатимиз раҳбари Хитой ҳудудларидан бирига ташриф буюриб, ушбу мамлакат етакчи компаниялари ва банк-молия институтлари раҳбарлари билан учрашув ўтказиши ҳам расмий хабарларда маълум қилинди. Ўйлаймизки, мамлакатимиз етакчисининг Хитойдаги навбатдаги расмий ташрифи олий даражадаги мулоқотни янада мустаҳкамлаш, халқларимиз ўртасидаги яқин алоқаларни янги босқичга кўтаришга ҳисса қўшади.
Шерзод Зиёев,
Истиқболли халқаро тадқиқотлар
институти тадқиқотчиси, хитойшунос эксперт
ЎзА