Ўзбекистон ва Хитой: ҳамкорлик кўлами кенгаймоқда
Ўзбекистон ва Хитой ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён (1992 йил 2 январь) ўтган 29 йил давомида икки мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий, маданий ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик алоқалари ҳар томонлама ривожланиб бормоқда.
Халқларимиз ўртасида қадимий Буюк ипак йўли орқали олиб борилган савдо-иқтисодий, маданий алоқалар ҳозирги кунда янгича кўринишда, даврга хос тезкорлик ва шиддат билан давом этмоқда. Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар икки томонлама, «Бир белбоғ, бир йўл» ташаббуси ва Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар доирасида тобора кенгайиб бормоқда.
Хитой «Бир белбоғ, бир йўл» ташаббусининг Марказий Осиёга тегишли бўлган «Ипак йўли иқтисодий белбоғи» лойиҳаси доирасида Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқаларини изчил давом эттирмоқда.
«Бир белбоғ, бир йўл» стратегияси сиёсий келишув, инфраструктура туташуви, эркин савдо, эркин капитал айланмаси, халқлар яқинлиги каби бешта йўналишни қамраб олган.
Сиёсий соҳада икки мамлакат раҳбарларининг доимо ўзаро ишонч ва ҳурмат руҳидаги ҳамкорлигини кузатиш мумкин. Ўзбекистон ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида «Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисида қўшма декларация» (2012) имзоланиши ҳамкорликнинг ҳар томонлама ва тезкор ривожланишига асос бўлмоқда. Унга кўра, томонлар бир-бирларининг манфаатларини, халқаро соҳада илгари сурилган ҳамкорлик ташаббусларини, мамлакатлар ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш билан боғлиқ ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди, давлат суверенитети ва хавфсизлигига зарар етказувчи ишларга аралашмайди. Стратегик шерикликнинг асосий омиллари ҳисобланган савдо, молия ва инвестиция соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиради. Ўзбекистон ва Хитой ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитаси доирасида энергетика, транспорт, фан ва техника, ижтимоий-гуманитар ҳамда хавфсизлик соҳаларида фаол ҳамкорлик механизми мунтазам ҳаракатда бўлади.
Президентимизнинг 2017 йил май ҳамда 2018 йил июнь ойларида Хитой Халқ Республикасига ташрифидан сўнг мамлакатлар ўртасида кўплаб янги ҳамкорлик лойиҳалари ишлаб чиқилди. 2017 йил 12 майда иккала мамлакат раҳбарлари имзолаган Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикасининг ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма баёноти ўзаро ҳамкорликнинг мутлақо янги босқичини бошлаб берди. 2017 йилдаги ташриф давомида давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро даражада 100 дан зиёд ҳужжат имзоланди. Эришилган келишувлар доирасида кўплаб салмоқли сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилди.
2018 йилдаги ташриф давомида Шавкат Мирзиёев Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг Синдао шаҳрида ўтказилган ўн саккизинчи мажлисида сўзлаган нутқида бир қатор муҳим ва долзарб таклифларни илгари сурди. Аҳоли, айниқса, ёш авлодда терроризм ва экстремизм мафкурасига қарши қатъий ва барқарор иммунитетни шакллантириш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва кооперацияни кучайтиришга катта аҳамият қаратилди. Томонларга ШҲТ маконининг транспорт-транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш имконияти берилди. Инновация дастурлари ва лойиҳаларини ҳамкорликда амалга ошириш учун барча саъй-ҳаракатларни бирлаштириш мақсад қилиб олинди. Жаҳон сайёҳлик ташкилоти билан амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятлари кенгайди. Бугунги кунда мазкур таклифлар доирасида ШҲТга аъзо давлатлар билан биргаликда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон ва Хитой ҳукумати, вазирлик ва идоралари, қолаверса, тадқиқотчи олимлар ўртасида кенг ҳамкорлик йўлга қўйилган. Хитойлик олимлар Ўзбекистоннинг замонавий сиёсати ва иқтисодий тараққиётини ўрганишга катта эътибор қаратмоқда. Айниқса, Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий фаолияти ва олиб бораётган кенг кўламли ислоҳотларига катта қизиқиш билан қаралмоқда. Масалан, 2019 йил декабрда Хитой халқаро муаммолар академиясида «Президент Шавкат Мирзиёев – Ўзбекистондаги ислоҳотлар даврининг меъмори» номли китоб чоп этилди. Асарда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистоннинг замонавий ривожланиши ва келажаги юзасидан стратегик қарашлари, давлатимиз раҳбарининг Марказий Осиё минтақаси, ШҲТ ва Евроосиё ҳудудида хавфсизлик ва тараққиёт таъминланишида тутаётган фаол ўрни ўз ифодасини топган. Ўзбекистон тараққиётининг ўсувчанлиги, мамлакатимиз ички ва ташқи сиёсатида тарихан қисқа даврда амалга оширилган изчил ўзгаришлар ҳақидаги маълумотлар хитойлик китобхонлар эътиборига ҳавола қилинган.
Икки мамлакат ўртасида маданий-маърифий, фан ва таълим соҳаларида ҳам кўплаб тадбир ва самарали лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хитой ҳукумати раҳбари Си Цзиньпин Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Бухорога ташриф буюрди ва у ердаги маданий ёдгорликлар билан танишди. Томонлар ўртасида икки мамлакатнинг ижтимоий-гуманитар ва маданий алоқалари бўйича ҳамкорликни янада кучайтиришга қарор қилинди. Бухоро ва Хитойнинг Луо Янг шаҳри дўст шаҳарлар, деб эълон қилинди. Қолаверса, Тошкент ва Шанхай, Самарқанд ва Циан шаҳарлари ҳам турли соҳада ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ўзбекистон ва Хитойда мунтазам равишда маданият кунлари, кўргазмалар, концерт ва кино фестиваллари ўтказилиб турилади. Жумладан, 2019 йил 24-27 декабрь кунлари Хитойнинг Пекин шаҳрида «Ипак йўли гавҳарига саёҳат» мавзусида Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилди. Унда Ўзбекистон давлат филармонияси Бухоро вилоят бўлимининг «Бухоро мавжлари» ва «Бухоро гўзаллари» ансамбллари ўз дастурлари билан иштирок этди.
Хитойлик санъат вакиллари Ўзбекистон маданияти ва санъатига қизиқиш билан қараётганини кузатиш мумкин. Масалан, 2003 йилда Хитойнинг Чанчун шаҳрида бўлиб ўтган 6-жаҳон ҳайкалтарошлари форуми доирасида буюк рассом, миниатюрачи Камолиддин Беҳзодга ҳайкал ўрнатилди. 2017 йилда Шанхай университетида буюк мутафаккир шоир Алишер Навоийга ҳайкал қўйилди. Хитойнинг бир қатор йирик шаҳарларида «Ўзбекистоннинг таниқли рассомлари асарлари» бадиий кўргазмалари ташкил этилди.
Номоддий маданий ёдгорликлар, тарихий обидаларни сақлаб қолиш ва таъмирлаш бўйича ҳам Хитой ва Ўзбекистон олимлари яқин ҳамкорлик қилмоқда. 2018 йил Тошкентда маданий ёдгорликларни асраш техникаси бўйича халқаро конференция бўлиб ўтди. Ўзбекистон, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркия олимларининг давра суҳбати ташкил этилди. Конференцияда, айниқса, Хива шаҳридаги тарихий обидаларни асрашга алоҳида эътибор қаратилди.
Таълим соҳасида давлатлар ва идоралараро, жумладан, ўзбек ва хитой тилларини ўрганиш доирасида талаба ва тадқиқотчилар алмашуви тобора кўпаймоқда.Тошкент давлат шарқшунослик институти ва Самарқанд чет тиллари университети қошида Конфуций номидаги институтлар очилди. Унда ҳар йили 350 дан зиёд тингловчи хитой тилини ўрганади.
Бутун дунёда кенг тарқалган “СOVID-19” пандемияси Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳам кўплаб тармоқларига ўз таъсирини кўрсатаётган бўлса-да, мамлакатлар бунинг олдини олиш ва алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида ўзаро ҳамкорликда кўплаб лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширмоқда.
Марғуба Сиддиқова,
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ўқитувчиси, сиёсат фанлари фалсафа доктори (PhD).