Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида ишбилармонлик алоқалари фаоллашмоқда
Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида экспорт салоҳиятини ошириш, инвестицияларни жалб этиш ҳамда саноат кооперациясини ривожлантиришга қаратилган иқтисодий ҳамкорлик тобора фаоллашмоқда.
Ню-Деҳли шаҳрида Ўзбекистон–Ҳиндистон бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат va савдо вазири Лазиз Қудратов, Ҳиндистон Савдо ва саноат вазири Пиюш Гоял, Ҳиндистон Савдо-саноат палаталари федерацияси (FICCI), Invest India агентлиги раҳбарлари ҳамда икки мамлакатнинг 100 дан ортиқ етакчи компаниялари ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.
Форум давомида савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, инвестициявий шериклик va саноат кооперациясини кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишнинг устувор йўналишларини белгилаб олди.
Таъкидланганидек, ўтган йил якунларига кўра, Ўзбекистон va Ҳиндистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 30 фоизга ошиб, илк бор 1,3 миллиард АҚШ долларидан ортди. Эндиликда ушбу кўрсаткични 2 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. Шу мақсадда Савдога кўмаклашиш бўйича Англашув меморандуми ишлаб чиқилмоқда.
Форумда икки мамлакат иқтисодиётларининг ўзаро бир-бирини тўлдирувчи имкониятлари алоҳида қайд этилди. Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги va озиқ-овқат маҳсулотлари, кимё, рангли металлар, тўқимачилик ҳамда электротехника маҳсулотлари экспортини кенгайтиришга тайёрлигини билдирди. Ҳиндистон эса фармацевтика, замонавий технологиялар, машина-ускуналар ва автомобиль бутловчи қисмлари етказиб бериш бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиш билдирди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда Ҳиндистон капитали иштирокидаги қарийб 400 та корхона фаолият юритмоқда. Қўшма лойиҳалар портфели эса 5 миллиард АҚШ долларидан ошгани қайд этилди.
Форум доирасида металлургия, кимё саноати, энергетика, фармацевтика, машинасозлик, рақамли инфратузилма ҳамда агросаноат мажмуаси истиқболли ҳамкорлик йўналишлари сифатида белгиланди.
Шунингдек, B2B va G2B учрашувлари давомида аниқ инвестиция лойиҳалари, молиялаштириш механизмлари ва амалий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги истиқболли лойиҳаларни амалга оширишнинг барча босқичларида инвесторларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Форум якунида эришилган келишувлар Ўзбекистон va Ҳиндистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда стратегик шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.
М.Ҳожиакбарова, ЎзА