Ўзбекистон ва Ҳиндистон: олий даражадаги учрашув тафсилотлари
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ўртасидаги олий даражадаги музокаралар якунланди. Мўлжаллар ва режалар улкан.
Музокаралар якунлари бўйича ОАВ вакиллари учун баёнотдан олинган асосий фикрлар қуйида ҳавола қилинади.
— Очиқ руҳда кечган мулоқотлар давлатларимиз ўртасидаги самимий дўстлик, юксак ҳурмат ва ўзаро ишончнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди;
— Ҳиндистон бизнинг жаҳон миқёсида катта обрў-эътибор ва нуфузга эга бўлган салоҳиятли стратегик шеригимиздир;
—Ҳамкорлигимиз янги сифат даражаси – кенг қамровли стратегик шериклик босқичига кўтарилди;
— Келишувларимизнинг ижросини тўлиқ таъминлаш мақсадида Ташқи ишлар вазирлари даражасида алоҳида механизм яратишга қарор қилдик;
— Ўтган йили ўзаро савдо айланмаси ҳажми 33 фоизга ўсиб, 1,3 миллиард доллардан ортди, 2030 йилга қадар ушбу рақамни 5 миллиардга етказмоқчимиз;
— Ҳукуматлараро қўшма комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши фаолиятини янада жадаллаштиришга келишдик;
— Энергетика, ўта муҳим минераллар, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, электроника, заргарлик ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ҳамкорлик кучайтирилади;
— БМТ, ШҲТ, Қўшилмаслик ҳаракати, BRICS каби нуфузли тузилмалар ва Глобал Жануб доирасида бир-биримизни қўллаб-қувватлашни бундан кейин ҳам давом эттирамиз;
— Ўзбек ва ҳинд халқларини бир неча минг йиллик тарихий, маданий ва маърифий илдизлар чамбарчас боғлаб туради;
— Ўзаро маданият ҳафталиклари, кинофестиваллар ва бошқа йирик тадбирларни ўтказиш билан бирга янги қўшма сайёҳлик йўналишларини ҳам ишга туширамиз;
— 30 кунлик визасиз тартиб жорий этилиши ўзаро қатновларни янада фаоллаштиришга хизмат қилади;
— Қабул қилинган ҳужжатлар, эришилган келишувлар ижросини тўлиқ ва ўз вақтида таъминлаш мақсадида кенг қамровли «йўл харитаси» ишлаб чиқилади.
ЎзА