Ўзбекистон ва Дания иқтисодий ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгиламоқда
Пойтахтимизда Ўзбекистон – Дания бизнес давра суҳбати бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Дания ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, мавжуд алоқаларни аниқ лойиҳалар билан бойитиш масаласи муҳокама қилинди.
Тадбирнинг очилишида Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар хорижий инвесторлар учун янги имкониятлар яратаётганини қайд этди. Дания компаниялари билан тоғ-кон саноати, энергетика, сув хўжалиги, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат саноатида амалий ҳамкорликни кенгайтириш учун катта имкониятлар мавжудлигига эътибор қаратди.
– Бугун биз аниқ лойиҳалар устида ишлаш учун йиғилдик, – деди Жамшид Ходжаев. – Ушбу учрашув мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий муносабатларни янада ривожлантириш учун самарали майдон бўлишига ишонаман. Биз мулоқот ва амалий иш учун очиқмиз.
Давра суҳбатида транспорт ва логистика соҳасида мультимодал ва контейнер ташувларини ривожлантириш, терминал инфратузилмаси ҳамда замонавий таъминот занжирларини шакллантириш масалалари кўриб чиқилди. Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли, Трансафғон йўлаги ва Каспий денгизи орқали ўтувчи Ўрта йўлак имконияти ҳам алоҳида қайд этилди.
Тоғ-кон саноатида замонавий ускуналарни маҳаллийлаштириш, сервис хизматларини ривожлантириш ва ресурс тежовчи технологияларни жорий этиш истиқболлари муҳокама қилинди. Даниянинг “FLSmidth” компанияси билан йўлга қўйилган ҳамкорлик бу йўналишдаги амалий мисоллардан бири сифатида келтирилди.
Энергетика соҳасида қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш, энергия самарадорлигини ошириш ва давлат-хусусий шериклик асосида янги лойиҳаларни амалга ошириш имконияти кўриб чиқилди. Сув хўжалигида эса ирригация насос станцияларини модернизация қилиш, энергия тежамкор насос ускуналарини жорий этиш ва уларни Ўзбекистонда маҳаллийлаштириш масалаларига эътибор қаратилди.
Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатида ишлаб чиқаришни кенгайтириш, маҳаллийлаштириш ва экспорт имкониятларини ошириш, шунингдек, саноат, энергетика, сув хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва логистика лойиҳаларини узоқ муддатли молиялаштириш механизмлари юзасидан фикр алмашилди.
Дания ташқи ишлар вазири Ларс Лёкке Расмуссен Ўзбекистонга илк расмий ташрифи икки томонлама муносабатларни, айниқса, иқтисодий йўналишда ривожлантиришга қаратилганини билдирди. У Дания бизнесида Ўзбекистон билан ишлаш ва инвестиция киритишга қизиқиш ортиб бораётганини қайд этди.
– Биз Ўзбекистон билан узоқ муддатли иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли тижорат шериклигини ривожлантиришни истаймиз, – деди Ларс Лёкке Расмуссен. – Дания компаниялари энергетика, сув хўжалиги, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва саноат технологиялари соҳаларида ўз технология ва тажрибаси билан иштирок этиши мумкин. Бунинг учун барқарор, шаффоф ва ишончли шарт-шароит муҳим.
Мулоқотда “FLSmidth”, “Grundfos”, “Maersk”, “AVK International”, “Scan Global Logistics”, “Carlsberg”, “ByteAll Energy” компаниялари ҳамда Даниянинг Экспорт ва инвестиция жамғармаси вакиллари таклиф ва ташаббусларини тақдим этди. Асосий эътибор технологик кооперация, маҳаллийлаштириш, инфратузилмани ривожлантириш, молиялаштириш ва ўзбекистонлик ҳамкорлар билан тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтиришга қаратилди.
Давра суҳбати якунида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Дания Қироллиги Ташқи ишлар вазирлиги ўртасида Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик бўйича икки томонлама комиссия тузиш тўғрисида Англашув меморандуми имзоланди.
Тадбир B2B ва B2G шаклидаги музокаралар билан давом этди.
[gallery-31754]
Дилшод ҲАКИМОВ,
Носиржон ҲАЙДАРОВ (сурат),
ЎзА