Ўзбекистон ва БМТ Туризм ҳамкорлиги янги босқичга чиқмоқда
Ўзбекистоннинг халқаро туризм майдонидаги нуфузини янада мустаҳкамлаш, соҳадаги халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш йўлида муҳим қадамлар ташланмоқда.
БМТ Туризм Европа комиссиясининг 72-йиғилиши доирасида Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов БМТ Туризм Бош котиби Шайкҳа Ал Новаис билан учрашув ўтказди.
Учрашув аввалида Бош котиб апрель ойида Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган ташаббусларни устувор вазифа сифатида белгилаб олганини маълум қилди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва БМТ Туризм ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, қўшма лойиҳаларни кенгайтириш ҳамда туризм соҳасидаги стратегик йўналишларда ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишилди.
Учрашув якунида томонлар ўртасида икки томонлама Ҳамкорлик тўғрисидаги Ният хати имзоланди. Мазкур ҳужжат доирасида барқарор туризмни ривожлантириш, янги туризм йўналишларини илгари суриш, Ипак йўлидаги туризмни ривожлантириш ва туризм таълимини жадаллаштириш бўйича ҳамкорликни амалга ошириш назарда тутилган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА