Ичан қалъа – дунё экранларида
BBC нинг машҳур телеканали бўлган BBC One да эфирга узатилаётган “Race Across The World” лойиҳасининг янги мавсумида Ўзбекистон бўйлаб саёҳат алоҳида эътибор марказида бўлди.
Дунёнинг турли мамлакатларида миллионлаб томошабинларга эга бўлган ушбу машҳур саёҳат-реалити шоуси иштирокчилари сафарни Нукусдан бошлаган ҳолда Тошкентгача давом эттирди.
Йўл давомида улар Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари, миллий анъаналари, маҳаллий маданияти ҳамда меҳмондўстлиги билан яқиндан танишди.
Шунингдек, лойиҳа ижодий гуруҳи Хивадаги ноёб тарихий мажмуа Ичан-қалъа давлат музей-қўриқхонасида ҳам суратга олиш ишларини олиб борди. Кадр орти тасвирларида лойиҳа ижодкорларидан бири эртакнамо шаҳарнинг гўзаллигидан ҳаяжонланиб йиғлаб ўтирганини кўриш мумкин. Ҳамкасблари уни овутишга уринишади.
Дарҳақиқат, Ичан қалъа бу 26 гектарга ястанган шунчаки тарихий обида, ўлик музей эмас, балки асрлар шамолида тобланган, вақт ҳукмидан омон қолган афсонавий шаҳардир. Унинг тор кўчаларида ҳамон ҳаёт қайнайди. Эски уйларнинг ўймакор эшиклари ортида пахса деворлар ичида лазги садолари, болажонлар кулгуси, зардўзларнинг игна товуши, кулолларнинг чархи ва новвойларнинг иссиқ нони иси келиб туради. Бу ердаги ҳар бир тошда, ҳар бир чанг заррасида тарихнинг нафаси, шонли ўтмишнинг ўчмас изи бор.
Бу каби лойиҳалар Ўзбекистон, хусусан, Хоразмнинг бой тарихий-маданий меросини халқаро миқёсда тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА мухбири