Ўзбекистон ва БМТ: ташаббусдан амалий натижа сари
Ўзбекистон 1992 йил 2 мартдан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тўлақонли аъзоси. Ўтган давр мобайнида мамлакатимизнинг жаҳон ташкилотидаги иштироки сезиларли даражада фаоллашди. Ёш давлат учун нисбатан янги халқаро майдонда Ўзбекистон бутун Осиё миқёсида фаол ташаббуслар билан чиқаётган давлатлардан бирига айланди.
2027 йил Ўзбекистон БМТ таркибидан ўрин олганига 35 йил тўлади. Фақат сўнгги йилларда мамлакатимиз ташаббуси билан Бош Ассамблеянинг 15 резолюцияси қабул қилинди.
Давлатимизнинг БМТдаги ўрни, илгари сурилаётган ташаббуслар аҳамияти ҳақида сиёсатшунос Сайфиддин Жўраев билан суҳбатлашдик.
– Ўзбекистоннинг БМТдаги ўрнини бугун қандай баҳолаш мумкин?
– Муносабат мазмуни анча ўзгарган. Ўзбекистон халқаро ёрдам олувчи мақомидан чиқиб, дунёвий ва минтақавий кун тартибини шакллантиришда иштирок этаётган давлатга айланмоқда. Бугун республикамизда БМТнинг 25 агентлиги, жамғармаси ва дастурини бирлаштирган жамоа ишлаяпти. 2026-2030 йилларга мўлжаллаб қабул қилинган БМТ – Ўзбекистон ҳамкорлик дастурида инсон капитали, яъни соғлиқни сақлаш, таълим ва ижтимоий ҳимояга сармоя киритиш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Мамлакатимиз 2021-2023 йилларда Инсон ҳуқуқи бўйича кенгашга илк бор аъзо бўлди. Айни пайт 2025-2027 йиллар учун ЭКОСОС таркибида иштирок этмоқда. Охирги йилларда Ватанимиз ташаббуси билан Бош Ассамблеяда 15 резолюция қабул қилинди. Марказий Осиёга оид 2018-2026 йилларда қабул қилинган ўнга яқин резолюция барқарор тараққиёт, экология, туризм, гиёҳванд моддаларга қарши кураш, превентив дипломатия ва сунъий интеллект каби муҳим масалаларни қамраб олган. Айрим ҳужжатлар 40-66 давлат ҳаммуаллифлигида, консенсус асосида қабул қилинган.
– Ўзбекистон илгари сурган ташаббусларнинг қайсилари алоҳида аҳамиятга эга?
– Жараён 2017 йилдан кейин тизимли тус олди. 2018 йил Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва тараққиёт бўйича ҳамда “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциялари қабул қилинди. 2021 йил Орол бўйини экологик инновация ва технология ҳудуди сифатида эълон қилиш, 2022 йил Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш бўйича резолюциялар тасдиқланди. 2024 йил давлатимиз ташаббуси билан “2027 йил – Халқаро барқарор ва чидамли туризм йили” эълон қилинди. 2025-2026 йиллари жараён янада фаоллашди. “29 апрель – Халқаро зилзила қурбонларини хотирлаш куни” этиб белгиланди. 2027-2036 йилларни БМТнинг Ўрмонни барпо этиш ва тиклаш ўн йиллиги деб эълон қилиш бўйича резолюция қабул қилинди.
2026 йил 20 майда Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик ва иқтисодий интеграцияни кучайтиришга қаратилган резолюция 66 давлат ҳаммуаллифлигида консенсус билан қабул қилинди. Чегара низоларини тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича резолюцияга 40 давлат, парламентларнинг ижтимоий тараққиётдаги ролини кучайтириш ҳақидаги ҳужжатга эса 61 давлат ҳаммуаллиф бўлди.
– Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича натижа қандай?
– Бу борада қатор аниқ рақамлар бор. 2025 йилги Барқарор ривожланиш ҳисоботига кўра, Ўзбекистон жаҳон рейтингида 19 поғона кўтарилиб, 62-ўринни эгаллади. Марказий Осиё ва Шарқий Европа мамлакатлари орасида БРМга эришиш суръати энг юқори давлат сифатида қайд этилди. Камбағаллик даражаси 8,9 фоиздан 5,8 фоизга тушган. Олий таълим билан қамров ўн йил ичида 9 фоиздан 42 фоизга кўтарилган. Оналар ўлими 2010 йил ҳар 100 000 тирик туғилишга 21 ҳолат эди. 2025 йил бу рақам 10,9 нафарга камайган.
– Сув масаласида БМТ билан ҳамкорлик нима учун муҳим?
– Марказий Осиёда сув масаласи энг жиддий муаммолардан бири. 2015 йилдан буён минтақада аҳоли жон бошига тўғри келадиган қайта тикланувчи сув ресурси 12 фоиз камайган. Танқислик 70,2 фоиз, жаҳон бўйича ўртача кўрсаткич эса 18 фоиз. Шундай шароитда Ўзбекистонда сув олиш ҳажми 2017 йилдаги 58,9 миллиард куб/метрдан 2021 йил 42,5 миллиард куб/метрга камайган. Сув стресси кўрсаткичи 169 фоиздан 122 фоизга тушган. 2017 йилгача сув тежовчи технология суғориладиган ернинг бир фоизидан ҳам кам қисмида қўлланган, бугун эса 2,6 миллион гектардан ортиқ, яъни суғориладиган ернинг 60 фоизидан зиёди қамраб олинган. Йиллик сув тежами қарийб 11 миллиард куб/метрга етган.
– Марказий Осиё миқёсида Ўзбекистоннинг БМТ билан боғлиқ сиёсатида қандай ўзгариш юз берди?
– 2017 йил Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида Марказий Осиёни Ўзбекистон ташқи сиёсатининг бош устувор йўналиши сифатида белгилади. Шу вақтдан бошлаб минтақавий кун тартиби БМТдаги дипломатиямизда ҳам асосий ўрин эгаллади. 2025 йил 16 ноябрда Тошкентда ўтган еттинчи Маслаҳат учрашувида Озарбайжон тузилмага тўлақонли иштирокчи сифатида қўшилди. Марказий Осиёда минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик концепцияси ҳамда 2026-2028 йилларга мўлжалланган хавф-хатар каталоги қабул қилинди. Минтақавий умумий савдо қиймати 10,7 миллиард долларга етди, ўзаро инвестиция 17 фоиз ўсди. 2026 йил 20 майда қабул қилинган БМТ резолюцияси эса Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги бу яқинлашувни халқаро даражада мустаҳкамлади.
– Афғонистон ва хавфсизлик масаласида Ўзбекистон қандай ёндашувни илгари сурмоқда?
– Ўзбекистоннинг асосий ёндашуви Афғонистонни ихоталаш эмас, аксинча минтақавий иқтисодий жараёнга жалб этишни назарда тутади. 2025 йил Термиз мулоқоти доимий халқаро майдон сифатида ташкил этилди. 2026 йил 4-6 июнь кунлари платформанинг иккинчи йиғилишида 150 дан ортиқ сиёсий, ишбилармон ва эксперт доиралари вакиллари қатнашди. Термиздаги “Айритом” халқаро савдо маркази ва “Termez Cargo Center” ҳам айни йўналишдаги амалий инфратузилманинг бир қисми ҳисобланади. Террорга қарши кураш йўналишида ҳам муайян тажриба шаклланган. Марказий Осиё давлатлари жанговар ҳудудлардан 2 000 га яқин фуқарони қайтарган. Ўзбекистон “Меҳр” амалиёти доирасида 2019 йилдан буён 500 нафардан кўп ҳамюртимиз – асосан аёллар ва болаларни Ватанга қайтарди. Бу тажриба БМТ майдонида инсонпарварлик амалиёти намунаси сифатида баҳоланган.
– БМТ Ўзбекистондан ва Ўзбекистон БМТдан нима кутмоқда?
– Томонлар манфаати ўзаро боғлиқ. БМТ учун Ўзбекистоннинг минтақавий барқарорликни таъминлаш, чегара ва сув масаласини тинч ҳал қилиш, камбағалликни қисқартириш, репатриация ва урбанизация йўналишларидаги тажрибаси намуна. Самарқанд, Бухоро ва Термиз БМТ йирик тадбирлари учун доимий майдонга айланди. Республикамиз Афғонистон билан мулоқотда кўприк вазифасини бажариши ва ёшларни тинчлик жараёнига жалб этиши ҳам муҳим. Ўзбекистон эса БМТ Марказий Осиёда эришилган келишувларни сиёсий ва ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаши, ислоҳот жараёнига эксперт даражасида ва техник кўмак кўрсатиши, Орол бўйи, сув ва иқлим масалаларида ресурс кўламини кенгайтириши тарафдори. Шунингдек, БМТ янгиланаётган тизимида Марказий Осиё ва ўрта даражали давлатлар овозини кучайтириш ҳам муҳим вазифа.
Хуллас, 2027 йил – Ўзбекистон БМТга аъзо бўлгани 35 йиллиги санасига мамлакат ташаббуслари консенсус билан қабул қилинаётган, тажрибаси халқаро майдонда ўрганилаётган ва шаҳарлари йирик халқаро форумларга мезбонлик қилаётган давлат сифатида етиб бормоқда.
ЎзА мухбири Дилшод Ҳакимов суҳбатлашди.