Ўзбекистон ва Беларусь нотариал палаталари ҳамкорлик қилади
Нотариал ҳаракатлар билан боғлиқ ҳуқуқий жараёнлар бугунги кунда масофа танламайди. Чунки миграциянинг фаоллашгани туфайли фуқаролар дунёнинг турли мамлакатларида фаолият олиб бориши кўпайди.
Шу боис нотариат соҳаси вакиллари ҳам ўзаро халқаро ҳамкорликни кенгайтирмоқда. Ўзбекистон Республикаси нотариал палатаси Халқаро нотариуслар иттифоқига аъзо бўлиш, бошқа давлатлар нотариал палаталари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича фаол иш олиб бормоқда. Ҳозиргача Литва ҳамда Украина давлатлари нотариал палаталари билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланган.
Навбатдаги меморандум Беларусь нотариал палатаси билан имзоланди.
“Zoom”платформаси орқали ўтказилган вебинарда Ўзбекистон нотариал палатаси раиси Дилшод Ашуров, Беларусь нотариал палатаси раиси Наталья Борисенко ўзаро мулоқот чоғида нотариал хизмат кўрсатиш бўйича халқаро тенденциялар, кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида фикр алмашди.
Вебинарни иккала мамлакатда фаолият олиб борувчи нотариуслар онлайн кузатиб борди.

Нотариуслар Минск шаҳар ҳудудий нотариал округи бошлиғи Елена Метельскаянинг “Беларусда нотариал ўз-ўзини бошқариш ва нотариусларнинг ваколатларини ташкиллаштириш” мавзусидаги маърузасини тинглади. Беларусь тажрибаси юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб ҳам олди.
Вебинарда Яшнобод туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Элмира Мамедова Ўзбекистонда хусусий амалиёт билан шуғулланаётган нотариуслар томонидан амалга ошириладиган нотариал ҳаракатлар, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида жорий этилаётган янгиликлар ҳақида беларуслик ҳамкасбларига батафсил маълумот берди.
Маъруза Беларусь нотариал палатаси раҳбарияти ҳамда нотариусларда жуда катта қизиқиш уйғотди. Н.Борисенко Ўзбекистон нотариатидаги баъзи янгиликларни ўз мамлакатида ҳам жорий этиш кераклиги ҳақида фикр билдирди.
Минск шаҳар нотариал округи нотариуси Юлия Божко “Беларусь Республикаси нотариуслари томонидан далилларни тақдим этиш: асослари, турлари, ахборот технологияларида қўлланилиши” мавзусида маъруза қилди.
Барча чиқишлар ҳар иккала томон нотариуслари учун қизиқарли ва фойдали бўлди.
Н.Абдураимова, ЎзА