Ўзбекистон ва Беларусь маҳаллий вакиллик органлари ҳудудлараро ҳамкорликка оид 15 келишувни имзолади
Хива шаҳрида “Стратегик шериклик: парламентлараро мулоқотни ривожлантириш, ҳамкорликнинг янги вазифалари ва истиқболлари” мавзусидаги тўртинчи Ўзбекистон - Беларусь парламентлараро форуми доирасида икки мамлакат маҳаллий вакиллик органлари раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ва Беларусь ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, маҳаллий вакиллик органлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, ҳудудлар манфаатларига хизмат қиладиган янги ташаббусларни илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар маҳаллий даражадаги мунтазам ва амалий мулоқот Ўзбекистон - Беларусь стратегик шериклигининг мазмун-моҳиятини янада бойитиш, ҳудудлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш, тажриба алмашиш ва халқлар ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим омил эканини таъкидлади.

Учрашувда маҳаллий вакиллик органларининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги ролига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, аҳоли билан очиқ ва самарали мулоқотни йўлга қўйиш, фуқароларнинг жамоатчилик ва бошқарув жараёнларидаги иштирокини кенгайтириш, аҳоли ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳудудий муаммоларга амалий ечимлар ишлаб чиқиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Шу билан бирга, ҳудудларнинг иқтисодий ва ижтимоий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, тадбиркорлик ва инвестициявий фаолликни рағбатлантириш, янги иқтисодий ҳамкорлик йўналишларини шакллантириш ҳамда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Депутатлик дипломатиясининг имкониятларидан кенг фойдаланиш, маҳаллий вакиллик органлари ўртасида мунтазам мулоқот механизмларини ривожлантириш, ўзаро ташрифлар, ишчи учрашувлар ва тажриба алмашинувини кўпайтириш муҳимлиги қайд этилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва Беларусь маҳаллий вакиллик органлари ўртасида ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган 15 та икки томонлама келишув имзоланди.
Мазкур ҳужжатлар ҳудудлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни янада ривожлантириш, маҳаллий вакиллик органлари ўртасида тажриба алмашиш, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда янги қўшма ташаббусларни илгари суриш учун мустаҳкам замин яратади.
Н.Абдураимова,
Б. Саидов (сурат), ЎзА