Ўзбекистон ва Беларусь агросаноат ҳамкорлиги: 35,5 миллион сўмлик 11 шартнома имзоланди
Хивада Ўзбекистон ва Беларусь тадбиркор аёлларининг IV бизнес-форуми доирасида агросаноат соҳасидаги ҳамкорликнинг янги йўналишлари муҳокама қилинди.
“Агросаноат мажмуасида ҳамкорлик: озиқ-овқат хавфсизлиги ва биотехнологиялар” мавзусидаги 2-шўъба йиғилишида икки мамлакат парламентлари аъзолари, вазирлик ва идоралар вакиллари, соҳа мутахассислари, илмий доиралар ҳамда тадбиркорлар иштирок этди.
Мулоқотлар давомида Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида агросаноат соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва мавжуд салоҳиятни тўлиқ ишга солиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, инвестицияларни жалб этиш ва замонавий технологиялар алмашинувини кенгайтириш бўйича аниқ таклифлар илгари сурилди.
Тадбирда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, замонавий агротехнология ва биотехнологияларни амалиётга жорий этиш, фитосанитар хавфсизликни кучайтириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва тармоққа инвестицияларни кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Иштирокчиларнинг таъкидлашича, бугунги шароитда агросаноат соҳасида ҳамкорликни оддий товар айирбошлаш билан чеклаб қўймасдан, технология, инвестиция, илм-фан ва қўшма ишлаб чиқариш билан уйғунлаштириш муҳим аҳамият касб этади.
Муҳокамаларда агросаноат кооперациясини ривожлантиришнинг амалий йўналишлари белгилаб олинди. Хусусан, Беларусда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги техникасини Ўзбекистонда босқичма-босқич локализация қилиш, қўшма ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш ва янги инвестиция лойиҳаларини кўпайтириш бўйича таклифлар билдирилди.

Чорвачилик соҳасида эса самарали озиқлантириш технологияларини жорий этиш, генетика ва ветеринария йўналишларида тажриба ҳамда технология алмашинувини кенгайтириш истиқболли ҳамкорлик йўналишлари сифатида қайд этилди.
Йиғилишда илмий-технологик ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига ҳам кенг ўрин берилди. Жумладан, ўсимликларни ҳимоя қилишда биологик усуллардан фойдаланиш, селекция ва уруғчиликни ривожлантириш, агробиотехнологиялар ва рақамли ечимларни жорий этиш, қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш ҳамда агросаноат тармоғи учун малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича тажриба алмашиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва замонавий технологияларни ишлаб чиқариш жараёнларига кенг татбиқ этиш бўйича ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Тадбирда билдирилган ташаббуслар Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида агросаноат соҳасидаги шерикликни янада кенгайтириш учун янги имкониятлар яратаётганини кўрсатди.
Энг муҳими, муҳокамалар аниқ амалий натижа билан якунланди. Шўъба йиғилиши якунида умумий қиймати 35,5 миллион сўм бўлган 11 та шартнома имзоланди.

Бу келишувлар икки мамлакат тадбиркорлари ўртасидаги кооперацияни мустаҳкамлаш, янги лойиҳаларни ишга тушириш ва агросаноат соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Норгул Абдураимова,
Бекзодбек Саидов (сурат),
ЎзА