Жиззахда пахта йиғим-терими суръати ошмоқда
Жиззах вилоятида пахта ҳосилини қисқа муддатда, сифатли ва нобудгарчиликсиз йиғиб-териб олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Вилоят ҳокими раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда терим суръатини янада ошириш, мавжуд техникадан самарали фойдаланиш, механизаторлар меҳнатини муносиб рағбатлантириш ҳамда далада юзага келаётган масалаларни тезкор ҳал этиш бўйича вазифалар белгилаб берилди.
Айни пайтга қадар вилоятда 92 минг тонна, яъни жами пахта ҳосилининг 26,4 фоизи йиғиб-териб олинган. Кунлик терим ҳажми 12,9 минг тоннани ташкил этмоқда.

Айрим ҳудудларда терим суръатини ошириш учун пахта териш машиналаридан туну кун самарали фойдаланиш, уларнинг иш унумдорлигини ошириш ва қўшимча механизаторларни жалб этиш вазифаси қўйилди. Айрим механизаторлар навбат асосида иш ташкил этиб, бир суткада 60-70 тоннагача пахта териб олмоқда. Бу тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам кенг қўллаш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Теримнинг узлуксизлигини таъминлаш учун техникаларни ташиш воситалари билан таъминлаш, қабул масканларида навбатларнинг олдини олиш ва ёқилғини далаларга ўз вақтида етказиб бериш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.
Механизаторларга ҳозирга қадар 2 миллиард 800 миллион сўм иш ҳақи тўланган. Меҳнат ҳақини ўз вақтида тўлаш, терим билан боғлиқ молиявий ҳисоб-китобларни тизимли ташкил этиш зарурлиги қайд этилди.

Шунингдек, терилган пахтани қабул қилиш ва расмийлаштириш ишларини жадаллаштириш, пахтани қабул қилиш ва ҳисобга олишда талаб этиладиган расмий ҳужжатлар ҳамда ҳисоб-фактураларни ўз вақтида расмийлаштириш вазифаси белгиланди. Пахта қабул қилиш масканларида электр таъминоти барқарорлигини таъминлаш ҳам масъуллар зиммасига юклатилди.
Вилоят ва туманлар ишчи гуруҳлари фермер хўжаликлари билан шартномавий режалар ижросини таъминлаш бўйича манзилли ишларни давом эттирмоқда.
Ҳудуд раҳбарлари ва масъулларга терим суръатини янада ошириш, мавжуд техникалардан тўлиқ фойдаланиш ва мавсумни уюшқоқлик билан якунлаш бўйича вазифалар белгилаб берилди.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири