Ўзбекистон узумлари илк бор Корея Республикаси бозорига экспорт қилинади
2026 йил бошида Ўзбекистон узумларини Корея Республикаси бозорига экспорт қилиш учун зарур фитосанитар рухсатлар олинган эди. Шунга биноан, маҳаллий узумларнинг Корея Республикасига илк экспорти амалга оширилади.
Кореянинг маҳсулотни экспортга тайёрлашда фитосанитар талаблари юзасидан мамлакатимиздаги йирик корхоналар вакиллари билан онлайн учрашув ўтказилди.
Унда Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси вакиллари ҳамда Корея Республикасининг Ўсимликлар ва ҳайвонлар карантини агентлиги (APQA) инспектори Ким Домунг иштирок этди ва экспорт учун зарур бўлган талаблар ҳақида тушунтиришлар берди.

Кореялик мутахассиснинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида узум экспорти учун мўлжалланган қадоқлаш корхоналарини дастлабки инспекция қилиш ҳамда Корея Республикасига экспорт қилинадиган узумларни экспортолди (pre-clearance) инспекциясидан ўтказиш режалаштирилган.
Инспекция доирасида узум етиштириш ва қадоқлашга ихтисослашган корхоналар кўздан кечирилди ва ўрганишлар натижасида Корея томони корхоналар реестрини тасдиқлаб беради.
Ўзбекистон узумларининг Корея бозорига илк экспорти мамлакатимизнинг янги экспорт бозорларини очиш ва экспорт географиясини кенгайтириш йўлидаги муҳим қадамлардандир.
М.Қосимова, ЎзА