Ўзбекистон U20 термаси “B” гуруҳидан жой олди
Футбол бўйича 2027 йилги U20 Осиё кубоги саралаш босқичига қуръа ташлаш маросими ўтказилди. Унга кўра Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси “B” гуруҳидан жой олди.
Жамолиддин Раҳмонуллаев шогирдлари саралаш баҳсларида Сурия, Ҳиндистон ва Бангладеш терма жамоаларига қарши майдонга тушади.
Ёшлар ўртасидаги қитъа биринчилиги саралаш босқичи бу сафар янгича тизим асосида ташкил этилмоқда. Осиё футбол конфедерацияси томонидан тасдиқланган ислоҳотларга кўра, мусобақа икки босқичли форматда ўтказилади. Бундан кўзланган асосий мақсад жамоалар ўртасида рақобатни кучайтириш ва техник имкониятлари яқин бўлган термалар учун кўпроқ сифатли учрашувларни таъминлашдан иборат.
Саралаш босқичида жами 32 та жамоа саккиз гуруҳга бўлинди. Ҳар бир гуруҳда тўрттадан терма жамоа иштирок этади. Гуруҳ ғолиблари ҳамда энг яхши натижа кўрсатган еттита иккинчи ўрин соҳиби финал босқичига йўл олади. Шу билан бирга, ўз гуруҳида охирги ўринни эгаллаган жамоалар кейинги мавсум ривожланиш лигасига туширилади.

Мазкур босқичда иштирок этувчи 12 та жамоа уч гуруҳга ажратилади. Гуруҳ пешқадамлари ва энг яхши иккинчи ўрин соҳиблари кейинги саралаш босқичига қайта чиқиш имкониятини қўлга киритади.
Эътиборлиси, Ўзбекистон U20 терма жамоаси иштирокидаги саралаш ўйинлари 2026 йил 25 августдан 6 сентябрга қадар Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади. Бу эса ёшларимизга ўз майдонида мухлислар қўллаб-қувватлови остида ҳаракат қилиш имконини беради.
Маълумот учун, 2027 йилги U20 Осиё кубоги финал босқичи 24 март — 10 апрель кунлари Хитойда ташкил этилади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА