Ўзбекистон U-23 терма жамоаси Осиё ўйинларига тайёргарликни бошлади
Японияда XX Осиё ўйинлари бошланиш арафасида. Қитъанинг энг нуфузли спорт анжуманига Ўзбекистон U-23 футбол терма жамоаси қизғин тайёргарлик кўрмоқда.
Жорий йилнинг 19 сентябрь – 4 октябрь кунлари Японияда XX ёзги Осиё ўйинлари ўтказилади. Қитъамизнинг 45 та мамлакати спортчилари иштирок этадиган мусобақа дастуридан 43 та спорт тури бўйича 71 та йўналиш ўрин олган.
Осиё ўйинларида футбол баҳслари ҳам анъанавий тарзда катта қизиқиш уйғотади. Бу гал эркаклар ўртасидаги мусобақада 15 та жамоа тўрт гуруҳга бўлинган ҳолда ғолиблик учун кураш олиб боради. Баҳслар 15 сентябрь куни старт олади.
“А” гуруҳи: Япония, Таиланд, Қирғизистон, Гонконг.
“B” гуруҳи: Хитой, БАА, Эрон, КХДР.
“С” гуруҳи: Вьетнам, Ўзбекистон, Филиппин, Кувайт.
“D” гуруҳи: Жанубий Корея, Саудия Арабистони, Қатар.

Ўзбекистон U-23 терма жамоаси «С» гуруҳидан жой олган. Футболчиларимиз гуруҳ босқичидаги биринчи учрашувини 15 сентябрь куни Филиппинга қарши ўтказади. 18 сентябрь куни Кувайт, 22 сентябрь куни эса Вьетнам терма жамоасига қарши майдонга тушади.
Қайд этиш жоиз, олимпия терма жамоамиз мусобақага тайёргарликни Миллий футбол марказидаги ўқув-машғулот йиғини билан бошлади. Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги жамоа йиғин доирасида 10 сентябрь куни сафарда Хитой U-23 терма жамоасига қарши назорат учрашувида иштирок этади.
Бош мураббий мазкур йиғинда иштирок этадиган футболчиларнинг кенгайтирилган таркибини эълон қилди.
Дарвозабонлар: Самандар Муратбаев («Насаф»), Максим Муркаев («Пахтакор»), Умар Рустамов («Олимпик-MobiUz»).
Ҳимоячилар: Ғиёс Ризақулов («Қизилқум»), Дилшод Муртазаев («Насаф»), Қувонч Хушвақтов («Насаф»), Дилшод Абдуллаев («Пахтакор»), Муҳаммадбобур Каримов («Пахтакор»), Диёр Абдуназаров («Насаф»), Рўзибой Файзуллаев («Олимпик-MobiUz»), Саидхон Ҳамидов («Олимпик-MobiUz»), Беҳруз Шукуруллаев («Сурхон»).
Ярим ҳимоячилар: Равшан Хайруллаев («Бухоро»), Муҳаммадали Реимов («Локомотив»), Бунёд Раҳимов («Олимпик-MobiUz»), Саидумархон Саиднуруллаев («Металлург»), Сардор Баҳромов («Насаф»), Оллоберган Каримов («Сўғдиёна»), Азизбек Тўлқунбеков («Бунёдкор»), Ойбек Ўрмонжонов («Динамо»), Асилбек Жумаев («Нефтчи»), Муҳаммадали Ўринбоев («Антверп», Бельгия).
Ҳужумчилар: Шодиёр Шодибоев («Локомотив»), Фирдавс Абдураҳмонов («Динамо»), Нурлан Ибраимов («Локомотив»), Амирбек Саидов («Сўғдиёна»).
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА