Ўзбекистон – Туркия: битирувчиларга диплом топширилди
Бухоро давлат тиббиёт институтининг Туркия тиббиёти факультети битирувчи талабаларига дипломлар топширилди.
Маросимда Туркиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар, Соғлиқ билимлари университети ректори Доктор Жавдат Эрдол, Бухоро давлат тиббиёт институти ректори Шуҳрат Тешаев, Самарқанд давлат тиббиёт университети ректори Жасур Ризаев, профессор-ўқитувчилар ва битирувчиларнинг ота-оналари қатнашди.
Бухорода Туркиянинг Соғлиқ билимлари университети Тиббиёт факультети ва Малакали тиббий хизматлар Олий мактаби фаолият кўрсатмоқда. 2019 йилда иккала давлат соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида тузилган англашув меморандумига асосан, Истанбулдаги Соғлиқ билимлари университетининг факультетини Бухорода очиш тўғрисида келишувга эришилган эди.
Кейинчалик мазкур олий таълим муассасаси ректори Жавдат Эрдол Ўзбекистонда бўлиб, қатор келишувлар билан биргаликда Бухоро давлат тиббиёт институти базасида Соғлиқ билимлари университетининг Ибн Сино номидаги тиббиёт факультети ҳамда ҳамшираларни тайёрлаш бўйича Малакали тиббий хизматлар Олий мактабини очиш юзасидан битимга эришган эди. Бу битимлар ҳар икки давлат раҳбарлари даражасида қўллаб – қувватланди.
Бугунги кунда Истанбул шаҳридаги мазкур университет билан Абу Али Ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти ўртасида йўлга қўйилган алоқалар янги босқичга кўтарилмоқда. Ўзаро келишувга кўра, ҳар йили бухоролик мутахассислар ушбу университетда имтиёзли тарзда малака оширади.
Соғлиқ билимлари университети тиббиёт соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш борасида дунёнинг етакчи ўқув муассасаларидан саналади. Унинг мамлакат турли ҳудудларида 16 филиали фаолият юритмоқда. Университет тиббиёт соҳасида малакали кадрлар тайёрлашда бой тажрибага эга.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни Сақлаш вазирлиги, Бухоро давлат тиббиёт институти ҳамда Соғлиқ билимлари университети ўртасидаги келишувга асосан 2019 йилда Малакали тиббий хизматлар Олий мактабига талабалар қабули учун имтиҳон ташкил этилди ҳамда белгиланган квотага асосан 80 нафар талаба Анестезиология, Биринчи шошилинч ёрдам, физиотерапия йўналишларида ўқишга тавсия қилинган эди.
– Бугун ҳаётимда унутилмас кун, – дейди Биринчи шошилинч ёрдам йўналишида ўқиган битирувчи Дилсўз Жалилова. –Жуда хурсандман. Орзуим ушалди. Шифокорлик дипломини қўлга киритяпмиз. Насиб қилса, тиббиёт соҳасидаги замонавий билимларни эгаллаб, халқимиз саломатлигини муҳофаза этишдек хайрли ишда куч – ғайратимни аямайман.
[gallery-12381]
Шунингдек, тадбир доирасида Бухоро давлат тиббиёт институти Соғлиқ билимлари университети билан амалга оширилаётган жараёнларни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида англашилув меморандуми имзолашди. Шунингдек, Жавдат Эрдол Бухоро давлат тиббиёт институтига Туркияда нашр этилган соҳага доир ноёб китобларни тақдим этди.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА