Ўзбекистон технологиялари Яқин Шарқ бозорига қандай чиқади?
Ўзбекистоннинг технология соҳаси учун Яқин Шарқ бозори қандай янги имкониятларни очиши мумкин?
Бу саволга Тошкентда ўтказилган «Uzbekistan – Middle East Tech Summit» саммитида жавоб изланди. Муҳокамалар фақат инвестиция жалб этиш билан чекланмай, ўзбек компанияларининг янги бозорларга чиқиши, технология экспортини кенгайтириш ва Яқин Шарқ компанияларининг Ўзбекистон орқали Марказий Осиё бозорига кириб келиши масалаларини ҳам қамраб олди.
«ICT WEEK Uzbekistan 2026» доирасида ташкил этилган саммит Ўзбекистон ва Яқин Шарқ мамлакатлари ўртасида технологик ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланди.
Тадбир Ўзбекистон технологик экотизимини Яқин Шарқ давлатларидаги инвесторлар, технология компаниялари ва институционал ҳамкорлар билан боғлаш учун мулоқот майдони вазифасини бажарди. Асосий мақсадлардан бири — ахборот технологиялари хизматлари экспортини ошириш, маҳаллий компанияларни янги бозорларга олиб чиқиш ва халқаро ҳамкорликни кучайтириш.

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг ахборот технологиялари хизматлари экспортининг қарийб 5 фоизи Яқин Шарқ ва Шимолий Африка мамлакатлари ҳиссасига тўғри келади. Саммитда айнан шу кўрсаткични ошириш, янги ҳамкорлар топиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Муҳокамаларнинг яна бир муҳим йўналиши Ўзбекистоннинг ахборот технологиялари соҳаси ва рақамли инфратузилмасига инвестициялар жалб этиш бўлди. Иштирокчилар мамлакатдаги мавжуд имкониятлар, инвестиция лойиҳалари ҳамда технологик бизнесни ривожлантириш учун яратилаётган шароитлар билан танишди.

Саммитда Яқин Шарқ технология компанияларининг Ўзбекистон ва Марказий Осиё бозорларига чиқишига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хорижий компанияларнинг маҳаллий ҳамкорлар билан ишлаши, минтақада бизнесини йўлга қўйиши ва кейинчалик кенгайтириши учун мавжуд имкониятлар юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон стартаплари ва ахборот технологиялари хизматларини экспорт қилаётган компанияларнинг Форс кўрфази давлатлари бозорларига чиқиш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Экспорт, инвестиция ва технологик ҳамкорликнинг янги механизмлари бўйича таклифлар билдирилди.
Саммит дастуридан Ўзбекистоннинг Яқин Шарқ компаниялари учун технологик ҳамкор сифатидаги салоҳияти, рақамли инфратузилмага киритилаётган инвестицияларнинг амалий мисоллари, Марказий Осиё стартаплари тақдимотлари ҳамда Ўзбекистонда фаолият юритаётган Яқин Шарқ компаниялари тажрибасига бағишланган сессиялар ўрин олди.
Шунингдек, «Ўзбекистон – Яқин Шарқ» технологик коридорини ривожлантиришга бағишланган панел сессияси, меморандумларни имзолаш маросими, B2B учрашувлар ва нетворкинг тадбирлари ташкил этилди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА