Ўзбекистон темир йўллари тараққиёт солномаси
Мустақилликнинг 35 йиллиги
Ўзбекистон темир йўллари мамлакатимизнинг ҳудудий яхлитлиги, иқтисодий тараққиёти ва халқаро транспорт-коммуникация тизимидаги ўрнини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Ўтган йиллар давомида янги темир йўл линияларини барпо этиш, мавжуд тармоқларни электрлаштириш, замонавий йўловчи поездларини жорий қилиш, вокзал ва инфратузилмани янгилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Айниқса, соҳани ислоҳ қилиш, рақамлаштириш, хизматлар сифатини ошириш ва мамлакатнинг транзит салоҳиятидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 1994 йилда миллий темир йўл компаниясининг ташкил этилишидан бошланган тараққиёт жараёни бугун янги темир йўллар, юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездлар ва йирик халқаро транспорт лойиҳалари билан давом этяпти.
Қуйида Ўзбекистон темир йўлларида 1994–2026 йиллар давомида амалга оширилган энг муҳим ишлар ва лойиҳаларни кўриб чиқамиз.
1994 йил

7 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компаниясини тузиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
1995–2000 йиллар

342 километрлик “Навоий – Учқудуқ – Султон-Увайстоғ – Нукус” темир йўл йўналиши бунёд этилди;
Амударё узра темир йўл ва автомобиль ҳаракати учун мўлжалланган қўшма кўприк қурилди.
2001 йил

Марказий Осиёда ягона бўлган “Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи” акциядорлик жамияти ташкил этилди;
Корхонада бугунги кунгача 16 турдаги йўловчи ва махсус техник хизмат кўрсатиш вагонларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
2002 йил

27 август куни “Учқудуқ – Султон-Увайстоғ – Нукус” темир йўли бўйлаб биринчи йўловчи поезди Қўнғиротга келди.
2003 йил

1 январдан “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси янги тузилмавий таркибда – 5 та минтақавий темир йўл узели ва 2 та унитар корхона билан иш бошлади.
2004 йил

15 январь куни Тошкент – Самарқанд йўналишида “Регистон” тезюрар поездининг доимий қатнови бошланди;
20 августда Тошгузар – Деҳқонобод станциялари орасидаги 56,8 километрлик участкада поездлар қатнови очилди.
2005 йил
ОПМС-203 базасида Махсус механизациялашган йўл станцияси ташкил этилди.
2006 йил

Тошгузар – Бойсун – Қумқўрғон янги темир йўлида узунлиги 278 метр, баландлиги 48 метр бўлган кўприкдан биринчи поезд ҳаракатланди.
2007 йил
Мамлакат жанубий вилоятларини бошқа ҳудудлар билан боғлаш мақсадида мураккаб тоғли ҳудудлардан ўтувчи 223 километрлик “Тошгузар – Бойсун – Қумқўрғон” темир йўл линияси қурилди;
Шу йили “Чашмаи Ҳафизон” станцияси яқинида Япония инвестицияси иштирокидаги кўприкларга биринчи тош қўйиш маросими ўтказилди.
2008 йил

Тошкент – Қарши йўналишида “Насаф” тезюрар поезди қатнови йўлга қўйилди.
2009 йил

“Ўзбекистон темир йўллари” ва Испаниянинг “Тальго” компаниялари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
2010 йил
Ўзбекистонлик темирйўлчилар томонидан Афғонистон тарихидаги биринчи 75 километрлик “Ҳайратон – Мозори-Шариф” темир йўлини қуриш ишлари бошланди.
2011 йил
4 май куни Буюк ипак йўли туризмини ривожлантириш дастури доирасида “Бухоро – Урганч – Бухоро” тезюрар йўловчи поезди ҳаракатланишни бошлади;
Шу йили Испаниядан мамлакатимизга биринчи юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” замонавий электропоезди олиб келиниб, дастлаб Тошкент – Самарқанд йўналишида қатнай бошлади.
2012 йил
27 декабрь куни Тошкент шаҳрида темирйўлчилар учун янги кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилди. Шу куни 40 темир йўлчи оиласи янги хонадонларга кўчиб ўтди.
2013 йилл

“Ангрен – Поп” темир йўли қурилиши бошланди;
Узунлиги 123,1 километр бўлган “Ангрен – Поп” темир йўли ва 19,2 километрлик мураккаб “Қамчиқ” темир йўл туннелидан иборат йўналиш тўлиқ электрлаштирилди.
2014 йил
“Мароқанд – Қарши” ва “Қарши – Термиз” темир йўл участкаларини электрлаштириш учун зарур инфратузилмани барпо этиш бўйича Хитойнинг CNTIC-EEB консорциуми билан шартнома имзоланди.
2015 йил
“Мароқанд – Қарши” участкасида электрлаштириш ишлари якунланди.
2016 йил

“Қамчиқ” темир йўл туннелидан иборат йўналиш тўлиқ электрлаштирилди.
2017 йил
9 январь куни умумий узунлиги 325 километр бўлган “Қарши – Термиз” темир йўл линияси тўлиқ электрлаштирилиб, йўналишда электровозлар ҳаракати йўлга қўйилди;
Октябрь ойидан “Тошкент – Бекобод – Тошкент” йўналишида замонавий электричкалар қатнови бошланди. Умумий масофа 183 километр бўлиб, ҳаракат таркиби бир вақтда 350 нафарга яқин йўловчини ташиш имконига эга;
1 декабрь куни умумий узунлиги 335 километр бўлган “Бухоро – Мискин” янги темир йўл линияси фойдаланишга топширилди;
20 декабрь куни Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун маъқулланди.
2018 йил
“Бухоро – Мискин – Урганч – Хива” йўналишларида янги темир йўл излари қурилди.
2019 йил

25 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент ер усти метрополитенининг Сергели йўналиши, Юнусобод йўналиши ва Яшнобод туманидаги ер усти ҳалқа метрополитени қурилиши билан танишди;
Давлат раҳбари “Дўстлик” бекатидан “Оҳангарон” бекатигача поездда бориб, ер усти метрополитенининг илк йўловчиси бўлди.
2020 йил
Тошкент шаҳрида Оҳангарон шоссеси ва Махтумқули кўчаси кесишмасида темирйўлчилар томонидан қурилган йўл ўтказгич фойдаланишга тайёрланди. Шунингдек, Зангиота туманида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан барпо этилаётган кўп тармоқли махсус шифохона қурилиши билан танишилди.
2021 йил
“Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланганлар орасида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ва корхоналарида фаолият юритаётган 73 нафар темирйўлчи ҳам бор эди;
Денов шаҳрида янги “Денов” темир йўл вокзали очилди;
Шу йили Испаниянинг Билбао шаҳрида жўнатилган навбатдаги “Афросиёб” электропоезди Ўзбекистонга олиб келинди. У инвестиция лойиҳаси доирасида харид қилинган олтинчи ҳаракат таркиби бўлди;
23 декабрь куни Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами 63 вагонда темир йўл орқали Мозори-Шариф шаҳрига етказиб берилди.
2022 йил
Март ойида Тошкент шаҳри олти давлат — Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Озарбайжон, Грузия ва Туркия темир йўл маъмуриятлари раҳбарларининг учрашувига мезбонлик қилди;
Унда Осиё – Хитой – Марказий Осиё – Кавказ – Туркия – Европа йўналишидаги халқаро мультимодал йўлакни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди;
Май ойида Термиздан Афғонистонга 58 вагондан иборат инсонпарварлик ёрдами юборилди. Унда минг тонна ун, 2 минг тонна буғдой, гуруч, озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонлар жўнатилди.
2023 йил
10 октябрда темир йўл транспорти соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, соғлом рақобат муҳитини яратиш, хусусий секторни кенг жалб этиш, бизнес жараёнларини рақамлаштириш ва транзит салоҳиятидан самарали фойдаланишга қаратилган қарор қабул қилинди;
Ислоҳотлар доирасида “Темирйўлинфратузилма”, “Темирйўлкарго”, “Темирйўлэкспресс”, “Ўзтемирйўлйўловчи” акциядорлик жамиятлари ва бошқа ташкилотлар ташкил этилди;
30 октябрь куни “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятида янги Ахборот технологиялари маркази – IT маркази очилди;
Шу йил “Чуқурсой” станцияси ҳудудида “Ўзбекистон” локомотив депосининг “Чуқурсой” филиали фойдаланишга топширилди;
“ARSENALE GROUP” сайёҳлик поездини ишга тушириш тўғрисида меморандум имзоланди;
Сариосиё туманида “Шарғункўмир” акциядорлик жамиятида модернизация ишлари якунланиб, янги “Сариосиё” темир йўл вокзали фойдаланишга топширилди.
2024 йил
Қорақалпоғистон Республикасини Хоразм вилояти билан боғловчи 85 километрлик “Шовот – Қораўзак” янги темир йўл линияси ҳамда Амударё устидан ўтувчи 423 метрлик темир йўл ва автомобиль йўли қўшма кўприги фойдаланишга топширилди;
Пекин шаҳрида “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши бўйича стратегик лойиҳани амалга ошириш тўғрисида битим имзоланди;
Лойиҳани амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ва ишчи гуруҳни тузиш ҳақида меморандум ҳам имзоланди;
Кореянинг “Hyundai Rotem” компанияси билан 6 та замонавий юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоезд харид қилиш бўйича келишувга эришилди;
“Темир йўл транспорти тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонун имзоланди;
Қозоғистон – Ўзбекистон чегарасидаги “Оқ-кўприк” темир йўл ўтказиш пунктида қўшимча 2 та йўл қурилиб, поездларни қабул қилиш қуввати 28 жуфтдан 40 жуфтга етказилди;
“Бухоро – Урганч – Хива” темир йўл линиясини электрлаштириш лойиҳаси қиймати 389,9 миллион доллар бўлиб, узунлиги 465 километрни ташкил этди;
Pақамлаштириш натижасида юкларни етказиш вақти 20 фоизга қисқартирилди, асосий темир йўл участкаларининг ўтказувчанлик қобилияти 25 фоизга оширилди, йўловчи оқими 15 фоизга кўпайди. Ташиш ҳужжатларини расмийлаштириш вақти 3 бараварга қисқарди, операцион харажатлар 7 фоизга камайди;
“Ўзбекистон темир йўллари” ва “CRRC Zhuzhou Locomotive” компанияси ўртасида 38 та янги локомотив харид қилиш ва 12 тасини модернизация қилиш бўйича 181 миллион долларлик шартнома имзоланди;
“NORINCO International Cooperation Ltd.” билан 129 760 тонна “Р-65” туридаги темир йўл рельсларини етказиб бериш бўйича 164 миллион долларлик шартнома тузилди.
2025 йил
“Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи” акциядорлик жамиятида “Янги Ўзбекистон” номли вагонлар ишлаб чиқарилди;
Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон темир йўллари” тизимида юк вагонларини қуриш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди;
“Самарқанд – Ургут” янги темир йўл линиясида қурилиш ишлари кўздан кечирилди;
55,4 километрлик “Самарқанд – Ургут” ҳамда 24 километрлик “Байтқўрғон – Паркент” янги темир йўллари қуриб битказилди;
26 декабрь куни Президент Мурожаатномасида темир йўл соҳасини истиқболли ривожлантириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди;
27 декабрь куни “2030 йилга қадар темир йўл транспортида маҳаллий йўналишларда йўловчи ташиш кўрсаткичларини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.
2026 йил

18 март куни Президент Шавкат Мирзиёев янги “Жалолиддин Мангуберди” юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездида Самарқанд шаҳрига ташриф буюриб, поезддаги қулайликлар билан танишди;

27 апрель куни Фарғона водийсида янги электропоездда “Қўқон – Марғилон” йўналиши билан танишилди;
1 июль куни транспорт-логистика тизимини ривожлантириш, транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва Ўзбекистоннинг минтақавий транспорт маркази сифатидаги ўрнини мустаҳкамлаш бўйича вазифалар белгиланди;
13 июль куни “Тошкент – Бекобод” йўналишида соатига 120 километргача тезликда ҳаракатланадиган янги электропоезд қатнови йўлга қўйилди;
“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши амалий босқичга ўтиб, Қирғизистон ҳудудида 46 километрлик темир йўл қурилиши бошланди;
“Навоий – Бухоро” иккинчи юқори тезликдаги электрлаштирилган темир йўл линияси қурилиши якунланди. Бухоро – Хива ҳамда Бухоро – Навоий участкаларида жами 166,4 километр темир йўл электрлаштирилди;
“Урганч” вокзалидан “Урганч” аэропортигача бўлган 10 километрдан ортиқ янги электрлаштирилган темир йўл линияси барпо этилди;
2025–2026 йилларда “Чиноркент”, “Паркент”, “Жартепа”, “Ургут”, “Гурлан”, “Манғит” ва “Қипчоқ” вокзаллари янгидан бунёд этилди. “Ҳазорасп” ва “Тўрткўл” вокзаллари қайта қурилди, “Элликқалъа” ва “Шовот” вокзаллари тўлиқ реконструкция қилинди;
Йил бошида “Жалолиддин Мангуберди” электропоездларига техник хизмат кўрсатиш маркази ишга туширилди;
Поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида муддати ўтган 36 та нуқсонли қувур ва кўприк капитал таъмирланди. 30 та ер ости йўлаги ва 2 та ер ости автомобиль тоннели қурилиб, фойдаланишга топширилди;
“Нурафшон – Пскент – Бўка – Бекобод – Боёвут – Янгиер” ҳамда “Ховос – Даштобод” йўналишларида янги темир йўл лойиҳаларининг қурилиши бошланди;
“Дўстлик – Айдар Арнасой кўли” ва Бекобод махсус иқтисодий зонасига олиб борувчи темир йўл қурилиши ҳам давом этмоқда.
Саноат ва маҳаллийлаштириш
Темир йўл тармоғи заводлари томонидан жами 2,8 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди ва техник хизматлар кўрсатилди. Шу даврда 644 та замонавий цистерна, 350 та ёпиқ вагон ва 70 та янги авлод йўловчи вагони ишлаб чиқарилди. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 60 турдан ортиқ саноат маҳсулоти ўзлаштирилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўртача 15 фоиз юқори ўсишни ташкил этди.
“Қуюв-механика заводи” ҳамда “Андижон юк вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи” акциядорлик жамиятларида 18 турдан ортиқ янги юк вагонларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Ижтимоий соҳада
Темир йўл соҳаси ходимларининг соғлиғини муҳофаза қилиш, тиббий кўриклар ва касб касалликларини эрта аниқлаш тизими такомиллаштирилди. Тиббиёт муассасалари замонавий аппаратлар билан жиҳозланди. Марказий клиник шифохонага юқори технологияли МРТ, маммография ва физиотерапия ускуналари ўрнатилди.
Йўл болалар касхонасида ЛОР, стоматология, лаборатория, физиотерапия, офтальмология ва функционал диагностика хизматлари замонавий ускуналар билан таъминланди. Болаларни соғломлаштириш оромгоҳларининг моддий-техник базаси ҳам янгиланди.
Келгуси истиқболлар
Айни пайтда 196 километрлик “Мискин – Нукус” темир йўл линияларини электрлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бўстонлиқ тумани тоғли ҳудудларига сайёҳлар ва аҳолининг қулай етиб боришини таъминлаш мақсадида 68,6 километрлик “Тошкент – Чирчиқ – Ҳожикент” йўналишида тезюрар электропоездлар ҳаракатини ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли эса минтақамизнинг иқтисодий ва транспорт алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган энг муҳим лойиҳалардан бири сифатида амалий босқичга ўтмоқда. Мазкур темир йўл Хитойни Ўзбекистон билан боғловчи энг қисқа қуруқлик йўлига айланиши кўзда тутилган.
Ўттиз икки йиллик тараққиёт жараёни шуни кўрсатадики, Ўзбекистон темир йўллари миллий транспорт тизимининг муҳим таркибий қисми сифатида янги босқичга кўтарилмоқда. Янги линиялар, электрлаштирилган участкалар, замонавий вокзаллар, юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездлар ва халқаро транспорт коридорлари мамлакатимизнинг ички ва ташқи транспорт имкониятларини янада кенгайтирмоқда.
P/s: Мақола Ўзбекистон Транспорт вазирлиги билан ҳамкорликда тайёрланди.
Дилшод ҲАКИМОВ,
ЎзА