Илм-фан ривожи миллий тараққиётнинг муҳим асоси саналади
Таҳлил ва таклиф
Глобаллашув шароитида жамият ҳаётининг барча соҳалари – иқтисодиёт, саноат, транспорт, энергетика, тиббиёт ва ахборот технологиялари бевосита муҳандислик ютуқларига боғлиқ тарзда ривожланмоқда. Шу боис муҳандислик замонавий цивилизациянинг асосий таянчларидан биридир. Ҳар қандай давлатнинг иқтисодий қудрати, технологик мустақиллиги ва ижтимоий барқарорлиги муҳандислик кадрларининг илмий салоҳияти билан белгиланмоқда. Бу борада физика фани муҳандислик таълимининг фундаментал асоси сифатида муҳим ўрин эгаллайди. Чунки ҳар қандай техник тизим, қурилма ёки технологик жараён физика қонунларига асосланади.
Шу нуқтаи назардан, муҳандислик таълимини модернизация қилиш, физика фанини инновацион ўқитиш методлари асосида ташкил этиш бўйича юртимизда самамарали ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 март куни қабул қилинган "Физика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори айни йўналишдаги вазифаларнинг муҳим асоси бўлди.
Бугун замонавий муҳандислик тизимлари сунъий интеллект, Big Data, робототехника, нанотехнология ва яшил энергетика каби юқори технологияли соҳалар билан уйғунлашиб бормоқда. Дунё бозорида малакали муҳандисларга бўлган талаб ҳам кескин ортиб бормоқда. Шу аснода эса кўплаб мамлакатларда муҳандис кадрлар етишмовчилиги кузатилмоқда.
Хўш, бунинг асосий сабаблари нималардан иборат, деган савол туғилиши мумкин. Бунга жавоб эса таълим жараёнининг назарияга ҳаддан ташқари йўналтирилганлиги, лаборатория базасининг етарли эмаслиги ва амалий кўникмаларнинг суст шаклланиши бўлади. Инновацион фикрлаш етарли ривожланмаса ҳам, шунга олиб келади.
Буни англаган ҳолда ривожланган давлатлар муҳим чораларни амалга оширишга киришган. Масалан, Япония ўзининг юқори даражада ривожланган робототехника ва автоматлаштириш тизимлари орқали саноат ишлаб чиқаришида самарадорликка эришган. Германия эса машинасозлик ва саноат муҳандислиги соҳасидаги илғор ютуқлари билан жаҳон иқтисодиётида етакчи ўринлардан бирини эгаллаб келмоқда. АҚШ аэрокосмик технологиялар, ахборот-коммуникация тизимлари ҳамда IT муҳандислиги йўналишларидаги инновацион ишланмалари орқали глобал технологик лидерлик мақомини сақлаб келмоқда.
Шу ўринда мозийга назар ташлайдиган бўлсак, Ўзбекистон заминида аниқ ва табиий фанлар бир неча асрлар мобайнида жадал ривожланиб, Марказий Осиё ҳудуди жаҳоннинг йирик интеллектуал марказларидан бири сифатида танилган.
Юртимизда шаклланган Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврлари дунё илм-фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган буюк алломаларни етиштириб берди. Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Маҳмуд Кошғарий, Абу Али ибн Сино, Насриддин Тусий, Қозизода Румий, Жамшид Коший, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи каби Шарқнинг буюк олимлари ўз илмий изланишлари билан жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшдилар.
Буюк аждодларимизнинг илмий мероси ва анъаналарини изчил давом эттирган ҳолда, ХХ асрнинг 40-йилларидан бошлаб Ўзбекистонда физика фанини ривожлантиришга катта эътибор қаратилди. Ўзбекистон физика мактаби қаттиқ жисмлар физикаси, атом ядроси физикаси, ярим ўтказгичлар физикаси, лазер физикаси ва иссиқлик физикаси каби муҳим йўналишларда самарали тадқиқотлар олиб бориб, жаҳон илм-фани ривожига салмоқли ҳисса қўшди.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда бугун ҳам илм-фан ва муҳандисликни ривожлантириш миллий тараққиётнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Таълим тизими, хусусан, физика фанини ўқитиш жараёни рақамли технологиялар билан узвий интеграциялашиб бормоқда.
Анъанавий ўқитиш усуллари ўрнига замонавий дастурий воситалар ва интерактив платформалардан фойдаланиш таълим сифатини сезиларли даражада оширади, талабаларда чуқурроқ илмий ва муҳандислик тафаккурини шакллантиради. Физика фани муҳандисликнинг барча йўналишларида асосий илмий пойдевордир.
Энергетика соҳасида физика электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш ва тақсимлаш жараёнларининг асосини ташкил этади. Қурилиш муҳандислигида физиканинг статика ва динамика бўлимлари бинолар, иншоотларнинг мустаҳкамлигини таъминлашда муҳим роль ўйнайди. Материаллар қаршилиги, юкламалар тақсимоти ҳамда зилзила хавфсизлиги каби омиллар физик ҳисоб-китобларсиз амалга оширилмайди.
Тиббиёт муҳандислигида физика замонавий диагностика ва даволаш технологияларининг асосини ташкил этади. МРТ яъни, магнит-резонанс томография, УЗИ-ултратовуш текшируви ҳамда лазер технологиялари физик қонунлар тамойилларига асосланади. Бу эса тиббий ташхис қўйишнинг аниқлигини оширади.
Ахборот технологиялари ва робототехника соҳасида эса физика сенсорлар, микрочиплар, электрон қурилмалар ва сунъий интеллект тизимларининг ишлаш механизмини белгилайди.
Агар мактаб таълими тизимида физика фанига бўлган қизиқиш етарли даражада шаклланмаса, бу долзарб педагогик муаммоларга сабаб бўлади. Кўплаб ўқувчилар физика фанини мураккаб, фақат формулалар ва назарий қонунлардан иборат фан сифатида қабул қилади. Натижада фан билан реал ҳаёт ўртасидаги боғлиқлик етарли даражада англанмайди. Бу эса ўқувчиларнинг мотивациясига салбий таъсир кўрсатади.
Ушбу муаммони бартараф этиш учун эса аввало тажрибавий дарсларни кенгайтириш, яъни ўқувчилар физик қонуниятларни фақат эшитиш орқали эмас, балки бевосита тажриба орқали ўрганиши лозим. Оддий ва арзон лаборатория жиҳозларидан фойдаланиш орқали ҳам мактаб шароитида ҳам физик ҳодисаларни амалий кўрсатиш мумкин.
Интерактив рақамли платформаларни жорий этишнинг ҳам аҳамияти юқори, жумладан, PhET каби виртуал лабораториялар орқали мураккаб жараёнларни визуал тарзда тушунтириш имконияти мавжуд.
Робототехника ва техник ижодкорлик тўгаракларини ривожлантириш ҳам айни фаннинг имкониятларини очиб беради. Ўқувчиларда муҳандислик тафаккурини шакллантириб, амалий кўникмаларни ривожлантиради. Бундай ёндашувлар физика фанини ўқувчилар учун қизиқарли, тушунарли ва ҳаётий фан сифатида шакллантиради.
Хулоса қилиб айтганда, замонавий шароитда физика таълимини рақамли технологиялар, симуляцион тизимлар ва виртуал лабораториялар билан интеграция қилиш муҳандислик таълимининг сифатини сезиларли даражада оширади.
Рухсат ФАРМОНОВА,
Олий таълимни ривожлантириш
ва глобал ҳамкорлик маркази,
бўлим бош мутахассиси.
ЎзА