Бинодаги камчиликлар аниқланди
Наманган вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси томонидан бунёдкорлик манзилларида шаҳарсозлик қонунчилиги ва лойиҳа талабларига риоя этилишини таъминлашга қаратилган мунтазам мониторинг ва назорат тадбирлари олиб борилмоқда.
Навбатдаги ана шундай рейд давомида Янги Наманган туманининг Бобораҳим Машраб маҳалласи ҳудудида барпо этилаётган беш қаватли турар жой биноси кўздан кечирилди.

Жараёнда бир қатор камчиликлар аниқланди. Жумладан, объектда ишчи-ходимлар махсус кийим ва шахсий ҳимоя воситалари билан тўлиқ таъминланмаган. Қолаверса, қурилиш майдони тез алангаланувчи чиқиндилардан ўз вақтида тозаланмаган.
Бундан ташқари, бинонинг энг юқори бешинчи қаватида хоналарни ажратувчи деворларни қуриш ишларида лойиҳа талабларига зид равишда қайта ишланган автоклав газоблоклардан фойдаланилгани аниқланди.

Мавжуд қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича пудратчи ташкилот ва муаллифлик назорати масъулларига ёзма кўрсатмалар берилди. Бунинг натижасида, ажратувчи деворлар буздирилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.