“Ўзбекистон таржимашунослари форуми – 2020”
Тошкент давлат шарқшунослик университетида “Ўзбекистон таржимашунослари форуми – 2020” Республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Форумнинг асосий мақсади таржимашунослик тарихи, таржимачиликнинг ривожланиш тамойиллари, таржима стилистикаси ва танқиди, таҳрир, бадиий таржиманинг лингвомаданий аспектлари, замонавий наср ва шеър таржимаси муаммолари, муаллиф услубини қайта яратишдан иборат.
Шунингдек, синхрон таржима соҳасини ривожлантириш, илмий-техникавий ва публицистик матнлар таржимаси муаммолари, ўзбек адабиёти намуналарини шарқ халқлари тилларига таржима қилиш, шарқ тилларидан ўзбек тилига бадиий таржимани амалга ошириш, муаммолар, бу борада эришилган ютуқлар доирасида мутахассисларнинг тажриба ва фикр алмашувини таъминлашдир.

Форумда илмий мақолалар тўплами ҳам жамланди. Ундан университет «Таржимашунослик ва халқаро журналистика” кафедрасида ушбу йўналишда тадқиқот олиб бораётган профессор-ўқитувчилар, мутахассислар ва ёш тадқиқотчиларнинг таржима тарихи, назарияси, амалиёти ва танқиди, синхрон таржима, халқаро журналистикага оид долзарб мавзулар ёритилган илмий мақолалари ўрин олган.
Анжуманда ХХ аср иккинчи ярми таржимачилигининг ривожланиш тамойиллари, замонавий таржимашунослик фанини ўқитиш истиқболлари, хорижий адабиётни аслиятда ўқиш ва таржима қилиш, таржима адабиётини тарғиб қилиш, китобхонлик маданияти ва бадиий таржима маҳорати, ўзбек адабиёти намуналарини шарқ халқлари тилларига ва шарқ адабиёти намуналарини ўзбек тилига таржима қилишнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Шарқ таржимашунослиги бўйича илмий ишлар кўламини кенгайтириш, хорижий мамлакатлар университетлари ва илмий марказларида олиб борилаётган илмий тадқиқот ишлари билан мунтазам равишда танишиб бориш, профессор-ўқитувчи ва тадқиқотчиларни мунтазам қисқа муддатли илмий сафарларга юбориш зарурлиги тўғрисида хулоса қилинди.