Навоий шаҳрида йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилади
Навоий шаҳар ҳокими Бобир Исломов Хитойнинг “ HENAN YIQUN ENVIRONMENTAL PROTECTION TEЧNOLOGY” LLC компанияси вакиллари билан учрашди.
Шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, учрашув давомида компания томонидан Навоий шаҳрида амалга оширилиши режалаштирилган флокулянтлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси, унинг истиқболлари ва амалга ошириш босқичлари маълумот берилган.

Учрашувда лойиҳани самарали амалга ошириш, уни белгиланган муддатларда ишга тушириш, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш ҳамда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар ўртасида имзоланган меморандумга мувофиқ, мазкур лойиҳани уч йил муддатда амалга ошириш белгиланган. Лойиҳа доирасида 80 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

Қиймати 100 миллион АҚШ долларига тенг бўлган мазкур инвестиция лойиҳаси саноат салоҳиятини янада ошириш, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири