Ўзбекистон – Россия: тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлик
Россия федерациясининг етакчи акушер-гинекологларидан таркиб топган делегация ўзаро тажриба алмашиш мақсадида Бухоро вилоятига келди.
– Акушер-гинекологлар зиммасида жуда катта масъулият бор, – дейди Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали гинекология бўлими бошлиғи Шаҳруза Маҳмудова. – Бинобарин, мазкур тор доира мутахассис шифокорлари ҳали ёруғ дунёни кўрмаган ҳомиланинг саломатлиги учун ҳам жавобгар. Шу нуқтаи назардан халқаро тажрибани ўрганиш, тиббиёт ривожланган давлатлар вакиллари билан ўзаро фикр алмашиш ҳар томонлама фойдалидир. Бундай ўзаро ҳамкорликдаги учрашув ва очиқ мулоқот, маҳорат дарслари ва тажриба алмашинувлар ҳар икки томоннинг имконият ва тажрибаларини ўрганиш, мураккаб йўналишлардаги жарроҳлик амалиётларини биргаликда самарали олиб бориш имконини бермоқда.

Учрашувда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Бухоро филиалида амалга оширилаётган тиббий хизматлар кўлами, даволаш-диагностик стандартлар, мутахассислар малакасини ошириш ва илмий изланишларда эришилаётган ютуқлар ва белгиланган режалар, олиб борилаётган илмий, амалий-услубий ишлар тўғрисида маълумот берилди.

Таъкидлаш жоизки, ҳар қандай миллат генофонди аввало оналар ва болалар саломатлигига чамбарчас боғлиқ. Шу маънода жамиятимизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ўсиб келаётган навқирон авлодни жисмонан ва руҳан чиниқтириш, ҳар томонлама соғлом ва интеллектуал ва салоҳиятли авлодни тарбиялаш борасида бугун Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Бухоро филиалида ҳам самарали фаолият олиб борилмоқда.
Филиалда йўлга қўйилган инновацион лойиҳалар ҳамда замонавий технологияларни қўлланилиши туғиш ёшидаги ва ёш болали аёлларга сифатли ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш имконини бермоқда.
Зариф Комилов, ЎзА